Навбатдаги спорт мусобақаси ўтказилиб, ғолибга катта миқдорда пул мукофоти тақдим этилди. Шодлиги ичига сиғмаган йигит ушбу ютуқни олиб, уйига ошиқди.

Йўлда кетар экан, бир аёл унинг ёнига яқинлашиб, ёрдам сўради. У шу қадар бахциз, чорасиз кўринар эдики, спортчининг унга раҳми келиб, муштипарнинг дардини эшитишга қарор қилди. Жувон яккаю ёлғиз ўғли оғир хаста эканини, жуда мураккаб ва қиммат операцияни ўтказиш учун маблағи йўқлигини билдирди. Унинг ҳикоясидан қалби ларзага келган йигит ютуқ учун олган бор пул маблағини аёлга узатди.

Бир неча кундан сўнг у яна спорт клубига қайтиб, дўстларига бўлган воқеани сўзлаб берди.

 – Эҳ, содда! – деб юборишди атрофдагилар бир овоздан. – Сен ҳам ўша ёлғончи аёлнинг тузоғига тушибсан-да. Афсуски, бу унинг биринчи маккорлиги эмас. У ҳар доим шу атрофда ўралашиб юради ва одамларни алдаб, пулини олади.

Жонҳолатда ачиниб гапираётган шерикларини тинглаган йигит енгил хўрсинди ва:

– Демак, ҳеч қандай хаста бола йўқ, шундайми? – деб сўради.

 – Йўқ!

 – Минг шукур! Касал фарзанд бўлмаганига шукур! Бу сўнгги ҳафта ичида олган энг яхши хушхабарим, – дея табассум қилди у.

Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.