Бугунги кунда йўлларимизда автомашина бошқариб кетаётган хотин-қизларни кўриб ҳеч ким таажжубланмайди. Бу жараён тобора кучайиб, машина ҳайдаётган аёллар сони ортиб бормоқда. Айрим давлатларда эса ҳайдовчилик гувоҳномасини олаётганларнинг аксариятини айнан аёллар ташкил қилаётгани ҳам бор гап.
Кўпчилик эркаклар аксарият йўл-транспорт ҳодисалари айнан машина бошқараётган аёлларнинг хатоси туфайли келиб чиқади, деб ўйлашади. Лекин статистик маълумотлар бунинг аксини кўрсатмоқда. Бу жинс вакиллари жуда ҳушёр ҳайдовчи ҳисобланиб, йўлда юрганда ниҳоятда тартибли бўлишаркан.
Буни қарангки, Европанинг кўпгина давлатларида аёл ҳайдовчилар эркакларга қараганда арзонроқ суғурта қилинар экан.
Яна кўпчилик эркаклар ҳайдовчилик гувоҳномасини олаётган аёлларни ҳеч бир оворагарчиликсиз, «шахло кўзлари учун» қийналмасдан олишади деб ўйлашади. Аслида дарсларга кам қатнашадиган эркаклардан фарқли равишда бу жинс вакиллари автомактаб инструкторининг дарсларини жон қулоғи билан эшитар, ҳеч бир дарсни эътиборсиз қолдиришмас экан.
Янги машина харид қилаётган аёлларнинг 97 фоизи унда хавфсизлик ёстиқчаси бор-йўқлигини сўраса, 15 фоиз эркакларгина бунга қизиқар экан.
Маълумотларга кўра, 65 фоиз йўл-транспорт ҳодисаси эркакларнинг айби билан юз берса, 35 фоизи аёлларнинг хатоси туфайли келиб чиқар экан.
Фозилжон Мамашарипов тайёрлади.
