Бугунги кунда аксарият одамлар шахсий компютер, ноутбук, планшет ҳамда кўплаб функцияларни бажарувчи уяли алоқа воситаларига эга ҳисобланади. Аммо, инсонларнинг бундай имкониятларга эга бўлиши ўтган асрнинг 80-йилларида хомхаёл эди.

Масалан, 1980 йили собиқ Иттифоқ олимлари Микро-80 номли 8-разрядли микрокомпютерининг дастлабки намунасини якунлаб, уни амалиётга жорий этиш учун радиосаноат бўйича масъул раҳбарлардан бири Николай Горшковга кўрсатади.

У эса, “сизлар беъмани нарсалар билан шуғулланишни бас қилинглар. Шахсий автомобил, шахсий пенсия, шахсий дача бўлиши мумкин, лекин шахсий компютер деган нарса бўлиши мумкин эмас. Сизлар ЭВМ дегани нима эканлигини фараз қиляпсизларми? ЭВМ дегани – бу 100 квадрат метр майдон, 25 нафар ходим ва ҳар ой 30 литр спирт демакдир” дея кескин фикр билдиради. Шу боисдан, мазкур ихтиро амалиётга жорий этишдан олиб ташланади.

Тўғри, ўша пайтлар одамларнинг шахсий компютерга эга бўлиши хомхаёл сифатида кулгуга сабаб бўлгандир, лекин, орадан сал кам 40 йил ўтиб, инсонларнинг орзуси ушалди. Балки, сиз ҳам буни ўқиб, кулган бўлсангиз керак.

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

“Постда” мухбири.