Гоҳида тамаки маҳсулотларини чекишни ташлашга кўмаклашувчи турли воситалар тўғрисидаги эълонларга кўзимиз тушади. Аслида чекиш қанчалик хавфли? Шифокорларнинг таъкидлашича, тамаки чекиш қон босимининг кўтарилиши, юрак хуружи ва инсулът хавфининг ошишига сабаб бўларкан. Бундан ташқари, саратон касаллигини юқтириш ҳолатлари ҳам кашандаларда соғлом одамга нисбатан 30 фоиз кўпроқ учраркан. Бу чекиш оқибатида келиб чиқадиган хасталикларнинг ҳаммаси эмас, албатта...
Чекишни ташлаш кишидан қатъиятли ва иродали бўлишни талаб этади. Гоҳида эса бу зарарли иллатдан қутулишда яқинларнинг кўмаги ҳам асқатаркан. Масалан, туркиялик 42 ёшли Иброҳим исмли фуқаро сигарет чекишни ташлаш мақсадида ўз бошига қафас кийиб олган. Қизиғи, қафаснинг калити унинг турмуш ўртоғида баъзида эса қизида туради. Овқатланиш пайтидагина уни очади. Иброҳимнинг айтишича, у 16 ёшидан бошлаб кунига 2 қути сигарет чекиб келган.
Илк бора бу ҳақидаги хабарлар шу йилнинг 10 май куни Британиянинг Ладбибле нашрида чоп этилган. Бу чекишни ташлашнинг ким учундир балки кулгили ёки антиқа усули бўлиб туюлиши мумкин. Аммо кўпчилик буни мақсад сари олға интилиш ва яқин инсонларнинг ғамхўрлиги деб баҳоламоқда.
Сизчи, чекасизми ёки энди бошламоқчимисиз? Нима бўлганда ҳам ўйлаб кўришингизга айни дақиқада имкон бор. Бундай имкон бошқа бўлмаслиги мумкин...
Шерзод Абдусамадов тайёрлади.
