Ватан ҳақида кимдан сўраманг, она каби яккаю ягона ва жондан азиз эканлигини айтади. Киндик қони тўкилган заминга бўлган айрича муҳаббати ҳақида жўшиб ҳикоя қилишдан асло эринмайди... Гарчи бу сўзлар ва ташбеҳлар бот-бот такрорланса-да, эшитгувчига заррача озор бермайди. Аксинча, ҳаётга муҳаббат, онага, она Ватанга, она заминга ҳурмат-эҳтиромини оширади.

Эътибор бериб қарасангиз, ҳамма халқлар заминни «Она Ер» деб атайди. Ҳатто қадимги римликлар ҳам сайёрамизни айнан шу маънода Теллус Матер деб айтган экан. Бу эса, шубҳасиз, инсоният ва она замин бир-бири билан узвий боғлиқ, одамзот ва Ер ажралмаслигининг ифодаси дейиш мумкин. Ҳатто муқаддас динимизда ҳам одам тупроқдан яралгани таъкидланади ва у охир-оқибатда яна тупроққа қайтади...

Халқаро «Она Ер куни» олдин дунёнинг кўплаб давлатларида баҳорги тенгкунлик куни (21 март) нишонланар эди. 1970 йилдан эътиборан эса ушбу сана 22 апрелда нишонланадиган бўлди. Ўшанда Ақш парламенти сенатори Гейлорд Нелсон бошчилигида гарвардлик бир неча фаол талаба ёшлар иштирокида дастлабки «Эр куни» аксияси ўтказилган эди. 1971 йилдан эътиборан эса ушбу сенатор ташаббуси билан Ақшда мазкур сана байрам сифатида ҳар йили нишонланадиган бўлди ва у мамлакат аҳолиси орасида тез оммалашди. Кейинчалик бу сана бошқа мамлакатларда ҳам норасмий бўлса-да, байрам сифатида эътироф этила бошланди.

Инсон қаэрда туғилмасин, киндик қони тўкилган ерга эҳтироми зиёда бўлади. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов айтганидек ким қаэрда туғилса, унинг учун шу ер муқаддасдир: 

Халқим, тарих ҳукми сени агарда,

Мангу музликларга элтган бўлсайди,

Қорликларни макон этган бўлсайдинг,

Меҳрим бермасмидим ўша музларга?

Шерзод АБДУСАМАДОВ тайёрлади.