Бу борада ўтган ҳафтада давлатимиз раҳбари ҳузурида бўлиб ўтган видеоселектор йиғили­шида бу йил инфратузилмани яхшилаш, одамлар ва тадбиркорлар учун шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ берилгани алоҳида таъкидланди.

Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича яратилган тизим ўз натижасини бераётгани, сўнгги уч йилда криминоген вазияти оғир бўлган 1 минг 162 та маҳалланинг 571 тасида бу йил бирорта жиноят содир этилмагани, бунга видеокамералар ўрнатилиб, хавфсиз кўча ва йўлаклар ташкил қилингани, аҳоли муаммолари илмий асосда ҳал этилгани, оилаларга психологик ёрдам кўрсатилгани натижасида эришилгани алоҳида қайд этилди.

Прези­денти­мизнинг яқинда Тошкент шаҳар Сергели туманидаги «Ўзгариш» маҳалласига ташрифи эса, ҳар бир маҳаллани хавфсиз маконга, осо­йишта ҳудудга айлантириш юзасидан берган топшириқлари бу йўна­лишда амалга оши­риладиган ишлар учун ўзига хос янги дастуруламал бўлди. Ташрифда хавфсиз ва обод маҳалла қандай бўлиши, уни қай тарзда шакллантириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2026-йил 24-июндаги «Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони маҳаллани халқ билан давлат ўртасидаги ҳақиқий «кўприк»ка айлантириш, хавфсиз маҳаллани шакллантириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

«Хавфсиз маҳалла» деганда, аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёти таъминланган, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимли йўлга қўйилган, давлат ташкилотлари ва жамоатчилик ҳамкорлиги самарали ташкил этилган ҳудуд тушунилади.

Фармонда «еттилик» аъзола­рининг вазифалари аниқ ва лўнда белгиланиб, ҳар бир масъулнинг ўз йўналиши бўйича ишлашига катта имконият яратди. Эндиликда раис фақат «еттилик» аъзолари ишини мувофиқлаштирувчи эмас, балки уларни ягона мақсад атрофида бирлаштирувчи стратегик раҳбар сифатида фаолият олиб боради. У маҳалладаги мавжуд имкониятлар, аҳоли эҳтиёжлари, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва муаммоларини чуқур ўрганиб, улар асосида устувор стратегик вазифалар белгилайди.

Фармонга мувофиқ, ҳоким ёрдамчилари маҳалла иқтисодиётини ривожлантириш бўйича бош менежер сифатида фаолият юритади. Маҳалланинг иқтисодий имкониятларини ишга солиш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш уларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Улар фаолияти аҳоли даромадларининг ўсиши билан баҳоланади.

Видеоселектор йиғилишида профилактика инспекторларининг иш юкламаси қисқаргани натижасида айрим маҳаллаларда жиноятлар 10 тадан 5 тага камайгани, мазкур тажрибани йил якунигача Наманган вилоятида тўлиқ, қолган ҳудудларда эса криминоген вазияти оғир бўлган 448 та маҳаллада йўлга қўйиш вазифаси белгилангани алоҳида қайд этилди.

Эндиликда улар фақат ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейин чора кўрадиган ходим эмас, балки маҳаллада жиноятчиликнинг олдини оладиган, криминоген вазиятни таҳлил қиладиган, хавф омилларини барвақт аниқлайдиган ҳамда давлат органлари ва жамоатчилик тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштирадиган асосий масъуллардан бири ҳисобланади.

Профилактика инспектори маҳалладаги ижтимоий ҳолат, оилалардаги муаммолар, ёшлар ўртасидаги салбий ҳолатлар, маиший низолар, ишсизлик, қарз­дорлик ва таълимдан четда қолиш каби кўплаб омилларни доимий таҳлил қилиб боради ва ана шу таҳлиллар асосида профилактик тадбирлар режалаштиради.

Жиноятчиликни жиловлашга масъул илмий ташкилотлар билан бирга намунали маҳаллалар таж­рибаси асосида методика ишлаб чиқилади. Йил давомида «қизил» ва «сариқ» тоифадаги маҳаллалар профилактика инспекторлари ушбу методика бўйича жойига бориб ўқитилади.

Эндиликда хотин-қизлар фаоли – оила барқарорлиги ва хотин-қизлар манфаатларининг асосий ҳимоячиси сифатида оилавий низолар, ажралиш хавфи, ишсизлик, алимент, эрта никоҳ, миграция, тарбияси оғир қизлар, тазйиқ ва зўравонлик каби муаммоларни биринчи бўлиб аниқлайдиган ва уни барвақт ҳал қилишга кўмаклашадиган масъул ҳисобланади.

«Ёшлар етакчиси – ҳар бир ёш тақдири учун масъул ли­дер» сифатида ёшларнинг ўзига бўлган ишончини оширишга, жамият учун фойдали ва умуммиллий манфаатларга хизмат қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширади. Уларнинг шахсий ривожланиши, иқтидори ва истеъдодини рўёбга чиқаришга қаратилган тадбирлар ташкил этади.  

Бундан буён маҳалла солиқ инспектори фақат солиқ иши йўнали­ши билан чекланиб қолмайди. Маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини баҳолайди, мавжуд резервларни аниқлайди. Иқтисодий ҳолатни чуқур ўрганиб, таҳлил қилади. 

Жумладан, маҳалла ҳудудида жойлашган корхоналарда ишлаётган ходимларнинг барчаси солиқ ҳисоботларида мавжудлигини ўрганади ва қонуний фаолият юритишини назорат қилади. 

Ижтимоий ҳимоя ходимлари оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларга бевосита маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири – эндиликда еттиликнинг ҳар бир аъзоси фақат ўз йўналиши билан чекланмайди, балки маҳалладаги умумий натижа учун биргаликда масъул бўлишади. 

Фаолиятни баҳолашда ҳам асосий эътибор жараёнга эмас, натижага қаратилади. Яъни маҳаллада ишсизлик камайдими, янги иш ўринлари яратилдими, камбағаллик қисқардими, ҳуқуқбузарликларнинг олди олиндими, аҳоли мурожаатлари ўз вақтида ҳал этилдими – ана шу кўрсаткичлар асосий мезонга айланади.


Шуҳрат РЎЗИЕВ,

ўз мухбиримиз.