Хавфсизлик энди фақат чегарада эмас


Бугунги дунёда хавфсизлик ту­шунчасининг доираси анча кенгайди. Илгари у асосан чегара, армия ва қурол билан боғланган бўлса, ҳозир бунга иқтисодий барқарорлик, озиқ-овқат ва энергетика таъминоти, ахборот макони, киберхавфсизлик, жамоат тартиби, ёшлар тарбияси ва ҳуқуқий маданият ҳам киради.

Стокголм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (СИПРИ) маълумотларига кўра, 2025-йилда жаҳонда ҳарбий харажатлар 2 триллион 887 миллиард АҚШ долларига етди. Бу қуролланиш ва халқаро ишончсизлик кучайиб бораётганидан далолат. 


Барқарорлик кафолати


Ўзбекистонда Ватан ҳимояси конституциявий мажбуриятдир. Асосий қонунимизда мамлакатни ҳимоя қи­лиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги белгиланган. Айни пайтда «етарли даражада Қуролли Кучлар» тамойили хавфсизлик сиёсатимиз ҳужумкорликка эмас, ўзини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганини кўрсатади.

Сўнгги йилларда хавфсизликнинг ҳуқуқий асослари сезиларли кенгайди. «Ўзбекистон — 2030» стратегияси, Қуролли Кучлар ҳарбий низомларининг янгиланиши, киберхавфсизлик ҳамда давлат сирларига оид янги қонунлар­нинг қабул қилиниши хавфсизлик энди фақат ҳарбий қонунлар билан чекланмаслигини, балки кибермакон, ахборот ва фуқаролик масъулиятини ҳам қамраб олаётганини тасдиқлайди.


Минтақа ва ташқи сиёсат


Ўзбекистоннинг хавфсизлигини Марказий Осиё минтақасидаги умумий барқарорликдан ажратиб бўлмайди. Сув ва энергетика, транспорт, савдо, миграция масалалари бутун минтақага дахлдор. Шу боис қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш ташқи сиёсатимизнинг устувор йўна­лишидир. 2025-йилда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ҳамда уни «Марказий Осиё ҳамжамияти» стратегик форматига айлантириш таклифи минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.

Ташқи сиёсатда мамлакатимиз бир томонлама қарамликни эмас, миллий манфаатга асосланган кўп векторли йўлни танлаган. Россия билан стратегик шериклик, Хитой билан кенг кўламли ҳамкорлик, АҚШ билан «C5+1» формати, Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик – буларнинг барчаси мувозанат асосида қурилган. Бу эса хавфсизликни ҳарбий йўл билан эмас, дипломатия, иқтисодий манфаатдорлик ва ишонч орқали таъминлашнинг самарали воситасидир.


Энг муҳим вазифа


Давлатнинг ташқи хавфларга чидамлилиги, аввало, унинг ички барқарорлигига боғлиқ. Ички барқарорлик эса фақат куч тузилмалари фаолияти билан эмас, балки адолатли қонунлар, ижтимоий ҳимоя, таълим, маҳалла институти, соғлом оила муҳити ва ҳуқуқий маданият билан таъминланади.

Айни шу нуқтада ички ишлар органларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, экстре­мизм ва радикаллашувнинг олдини олиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш – буларнинг барчаси миллий хавфсизликнинг ички ижтимоий пойдеворидир. Шу маънода ички ишлар органлари миллий хавфсизлик тизимининг муҳим ижтимоий-ҳуқуқий бўғини ҳисобланади.

Ахборот асрида хавфсизликка ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг қўлида. Сохта хабарга ишонмаслик, ахборотни текшириш, кибергигиенага риоя қилиш, жамоат тартибини ҳурмат қилиш, қонунбузарликка бефарқ бўлмаслик, фарзанд тарбиясига масъул бўлиш – буларнинг ҳар бири Ватан хавфсизлигига қўшилган ҳиссадир. Айниқса, ёшларни билимли, касб-ҳунарли, ҳуқуқий онгли ва ватанпарвар этиб тарбиялаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.


Тақсимланган масъулият модели


Юқоридагилардан келиб чиқиб, миллий хавфсизликни «тақсимланган масъулият модели» сифатида тасаввур этиш мумкин. Унда армия – ҳарбий қалқон, қонун – ҳуқуқий таянч, дипломатия – ташқи ҳалқа, барқарор иқтисодиёт – моддий замин, ахборот маданияти – рақамли ҳимоя, ватанпарварлик ва ҳуқуқий онг эса маънавий устундир. Бу қатламлардан бирортаси заифлашса, бутун тизимда бўшлиқ пайдо бўлади: кучли армия бўлгани ҳолда ахборот макони ҳимоясиз қолса ёхуд иқтисод ўсиб, ҳуқуқий маданият ортда қолса, хавф ичкаридан кучаяди. Демак, ҳар бир соҳа бошқасини тўлдириши шарт.

Хулоса ўрнида «Ватан тинчлиги ва хавфсизлиги — умумий масъулиятимиз» деган ғояни қуйидаги формула орқали ифодалаш мумкин:

кучли армия – ҳимоя қалқони;

адолатли қонун – барқарорлик кафолати;

фаол дипломатия – ташқи хавфларни камайтириш воситаси;

масъулиятли жамият – ички мустаҳкамлик асоси;

ватанпарвар фуқаро – миллий хавфсизликнинг таянчи.

Айнан ана шу уйғунлик Янги Ўзбекистоннинг тинч, барқарор ва хавфсиз келажагини таъминлайди.


Муҳиддин УМАРОВ,

ИИВ Академияси Ҳарбий

тайёргарлик кафедраси бошлиғи,

ҳарбий фанлар бўйича фалсафа доктори

(Пҳд), профессор, полковник.