Инсоният тарихига назар ташлар эканмиз, бирорта жамият китобсиз ва илмсиз юксакликка эришмаганига гувоҳ бўламиз. Китоб – шунчаки қоғоз ва ҳарфлар жамланмаси эмас, балки аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келаётган билим, тажриба ва ҳикматлар хазинасидир. «Китоб – маънавият кўзгуси» деган ҳикмат ибора замирида жуда чуқур маъно мужассам. Кўзгу инсоннинг ташқи қиёфасини акс эттирса, китоб унинг ички дунёси, маънавий оламини намоён этади.
Маданият ва маърифат ғоят кенг тушунчалар бўлиб, уларнинг ўзак ва таянч нуқтасини мутолаа ташкил этади. Инсон ўз дунёқарашини бойитишга, тарих ва келажакни англашга доимо эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёж эса фақат ва фақат мутолаа орқали қондирилади.
Глобаллашув даврида китобхонлик маданияти умумий маданиятнинг мағзига айланди. Айниқса, ички ишлар органлари ходимларини юксак касб маданияти соҳиби этиб тарбиялашда, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳини шакллантиришда китобнинг ўрни беқиёс. Зеро, китобхон ходим – мустақил фикрловчи, ҳуқуқий онги юксак ва хизмат бурчига садоқатли шахсдир.
Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги тизимида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ходимлар ўз устида ишлаши учун кенг шароитлар яратилмоқда. Давлат раҳбарининг соҳага оид қарор ва фармонлари бу борадаги ишларни янги сифат босқичига олиб чиқди. Ёш ходимлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда курсантлар ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Энг яхши китобхон» танлови мутолаага бўлган иштиёқни оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Шунингдек, ҳафтанинг жума кунида жорий этилган махсус «ўз устида ишлаш ва китобхонлик соати» ходимларнинг мунтазам билим олишини таъминламоқда. Вазирликда замонавий электрон кутубхона янгидан ташкил этилиб, унга минглаб бадиий, илмий ва ҳуқуқий адабиётлар киритилди. Энг муҳими, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона базаси билан интеграция таъминлангани ходимлар учун катта имконият эшигини очди.
Айни дамда тизимда 50 дан ортиқ ахборот-кутубхона марказлари фаолият юритмоқда. Уларнинг умумий китоб фонди 675 мингдан зиёд ноёб адабиётлар билан бойитилган.
Қувонарлиси, тизимда китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар нафақат ходимлар, балки уларнинг оила аъзолари ҳаётида ҳам ўз аксини топмоқда.
Бунинг ёрқин мисолларидан бири – Бухоро вилояти Пешку тумани ИИБ профилактика инспектори, маёр Насим Боғиевнинг 13 ёшли қизи Фарзона Носированинг ютуғидир. У «Ёш китобхон» танловининг республика босқичида мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси – «БЙД Чазор» автомобили билан тақдирланди. Фарзонанинг ушбу юксак натижага эришишида ота-онасининг меҳри, тарбияси ва доимий қўллаб-қувватлаши муҳим ўрин тутди. Бу ютуқ, аввало, оиладаги соғлом маънавий муҳит ва китобга бўлган муҳаббатнинг ёрқин намунасидир.
Ички ишлар органлари ходимларининг кундалик фаолияти ўта масъулиятли ва машаққатли. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, юрт тинчлигини таъминлаш замирида чуқур билим ва юксак маънавият ётади. Китоб мутолааси эса ходимнинг касбий маҳоратини ошириш билан бирга унинг инсоний фазилатларини ҳам бойитади.
Китобга бўлган меҳр – бу Ватанга бўлган муҳаббатнинг юксак кўринишидир. Шу боис вазирлик тизимидаги кутубхоналар имкониятларидан унумли фойдаланиш, мутолаани ҳаёт тарзига айлантириш ҳар бир ходимнинг шарафли бурчига айланиши лозим. Зеро, маънавияти юксак ходимгина халқимизнинг бахт-саодати ва юртимиз тинчлигини астойдил ҳимоя қила олади.
Хулоса ўрнида айтганда, ички ишлар органларида китобхонлик маданиятини юксалтириш орқали ҳуқуқий, сиёсий ва маърифий билимларни ошириш – давр тақозоси. Бу йўлда собитқадамлик, ўз устида мунтазам ишлаш ва шахсий жавобгарликни ҳис этиш талаб этилади. Зеро, китоб бизнинг маънавий қалқонимиз, касбий камолотимизнинг энг ишончли йўлдошидир.
Феруз ЙЎЛДОШОВ,
ўз мухбиримиз.
