Мамлакатимиз Президентининг 2022-йил 29-июлдаги «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида шу йилнинг март ойида Навоий шаҳрида туркий халқлар адиблари иштирокида «Мумтоз шеърият» халқаро фестивалини ўтказиш вазифаси қўйилган эди. 2023-йил 6-март куни Анқара шаҳрида жойлашган Халқаро турк маданияти ташкилоти (ТУРКСОЙ) қароргоҳида бўлиб ўтган туркий тилли давлатлар адабий ташкилотлари раҳбарлари йиғилишида эса ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги таъсис этилиб, унинг илк йиғилишини «Мумтоз шеърият» халқаро фестивали доирасида ташкил этиш таклифи барча иштирокчилар томонидан маъқулланди.
«Мумтоз шеърият» халқаро фестивали бежизга юртимиз заминида ўтказилгани йўқ. Зеро, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон каби шаҳарларда қадимдан адабиёт, санъат ривожланган, гуллаб-яшнаган. Фестивалнинг айнан улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий номи билан аталган шаҳарда ўтказилганида ҳам чуқур рамзий маъно мужассам. Чунки миллий адабиётимизни юксак чўққига олиб чиққан Навоий ҳазратлари ижодини нафақат туркий халқлар, балки жаҳон афкор оммаси катта қизиқиш билан ўрганади.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ бўлиб ўтган анжуманда турли мамлакатлардан келган туркий халқлар шоирлари ва таржимонлари дийдорлашишди, ижодий мулоқот қилишди. Тадбир ўзаро қон-қардош бўлган халқларнинг адабий ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш имконини берди. Фестивалга ташриф буюрган адиблар Алишер Навоий ҳайкали пойига эҳтиром рамзи сифатида гул қўйишди. Тадбир иштирокчилари бобокалонимиз номи билан аталадиган боғга кўчатлар ўтқазишди.
Фестивал доирасида «Туркий адабиёт дурдоналари» 100 жилдлиги ҳамда «Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги» китобининг 30 жилдлиги, Алишер Навоийнинг қозоқ тилида чоп этилган «Хамса» асари тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди.
Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби Анар Расул ўғли Рзаевнинг номини ҳамда асарларини юртимизда кўпчилик адабиёт ихлосмандлари яхши билишади. Дунё миқёсида таниқли адиб ўзининг серқирра ижодий фаолияти билан туркий халқлар, жумладан, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келяпти.
Унинг бу борадаги хизматлари, қолаверса, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, кўплаб ижодкорларни тарбиялаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик руҳида камол топтириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси юксак даражада эътироф этилиб, адиб таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.
– Ўзбекистон Президенти томонидан юксак мукофот билан тақдирланганимдан жуда бахтиёрман ва миннатдорман. Халқларимиз ўртасидаги қардошлик узоқ тарихга эга ва бугунги кунда ҳам узвий давом этмоқда. Буюк аллома номи билан аталадиган Навоий шаҳрида ташкил этилган халқаро фестивал туркий халқлар ижодкорларини бир даврада жам қилгани билан жуда ҳам аҳамиятли бўлди. Бу анъана яна давом этади, – деди ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги фахрий раиси, Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анар Рзаев.
Фестивал баҳонасида меҳмонлар Навоий шаҳрида ўша кунларда кечаётган маданий тадбирлар билан ҳам яқиндан танишишди. Жумладан, шаҳарнинг Маърифат боғида бўлиб ўтган сумалак сайлида иштирок этишди. Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фолклор-этнографик жамоаларининг чиқишлари ҳам уларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, «Фарҳод» маданият саройида бўлиб ўтган «Ватан манзумаси» адабий-маърифий дастурини томоша қилишди.
– Агар турли миллатларнинг адабиёти, санъати ва маданиятлари бирлашса, шу йўлда хизмат қилаётган фидойи зиёлилар бир мақсад йўлидан боришса, эл-у юртлар бирлашади, – деди «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Адабиёт деганда биз эзгу сўзни, аждодларимиз қолдирган бой сўз меросини тушунамиз. Бугунги анжуман қардош халқлар ижодкорларини эзгу йўлда учраштирди. Биринчи қадам қўйилди ва юз жилдли китоблар нашр этилди. Келгусида Ўзбекистон
Ёзувчилар уюшмасида туркий халқларнинг эллик томдан иборат фолклор асарларини нашр этишни режалаштиряпмиз. Бизда «Алпомиш», «Гўрўғли», қозоқларда «Манас», бошқа миллатларда ҳам шу каби фолклор асарлар бор. Мана шу асарлар турли тилларга таржима қилинса, уларни ўргансак, маънавий дунёмиз янада кенгаяди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг илк йиғилиши ҳам «Мумтоз шеърият» фестивали доирасида ўтказилди. Унда ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби Султон Раев ва фахрий раиси Анар Рзаев, ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги ҳамда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Евроосиё, Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Татаристон ва Бошқирдистон Ёзувчилар уюшмалари вакиллари иштирок этишди. Мазкур нуфузли халқаро тузилманинг асосий вазифаси туркий халқлар ўртасида адабий алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришдан иборат.
Ҳа, миллатнинг руҳи унинг тилида, адабиётида акс этади, яшайди. Шу маънода қардош халқлар ўртасида адабий алоқалар кучаяр экан, улар ўртасидаги дўстлик ришталари ҳам мустаҳкамланиб бораверади деб комил ишонч билан айтишимиз мумкин. Ўйлаймизки, Навоий шаҳрида жорий йил март ойининг охирида бўлиб ўтган «Мумтоз шеърият» халқаро фестивали ҳам, унинг доирасида ўтказилган ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг илк йиғилиши ҳам ҳеч шубҳасиз, туркий халқлар ўртасида қардошлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига, адабий дўстлигимиз эса абадий дўстлигимизга хизмат қилажак.
Бобомурод ТОШЕВ тайёрлади.
