Ўзбекистонда биринчи филм 1897 йил «Эски жўва» майдонида кўрсатилган. 1936 йилдан «Ўзбекфилм» киностудиясининг ташкил топиши ўзбек кино санъати ривожини бошлаб берди. Ўзбек халқи орасидан театр ва кино санъатига ихлосманд ёшлар етишиб чиқа бошлади. Ана шундай ижодкорлардан бири, сизу бизга «Нортой» образи билан таниш бўлган маҳоратли актёр ва режиссёр, сценарист, «Дўстлик» ордени соҳиби Рашид Маликов — саҳифамиз меҳмони.

 

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА

Рашид Маликов 1958 йил 3 июлда Мос­ква шаҳрида туғилган. 1975-1980 йилларда Тошкент тиббиёт институтида таҳсил олган. 1981-1986 йиллари Бутунроссия давлат кинематография институтининг режиссёрлик факултетида ўқиган. 1993 йилда Ақшда «Филм ин УСА» дастури доирасида малака оширган. 2022 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони асосида «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.

– «Чинор остидаги дуэл» филми суратга олиш жараёни вақтида сиз тиббиёт олийгоҳи талабаси бўлган экансиз... Кино оламига қандай келиб қолгансиз?

– Ёшлигимдан кинода ишлашни мақсад қилганман. Қизиқишим ва интилишим жуда кучли эди. 1973 йилда киностудияга Дамир Салимовнинг филмига танловга келганимда мени олишмаганди. Ўшанда 8-синфда ўқирдим. Отам тиббиёт фанлари доктори, профессор, онам ҳам шу соҳада доцент эди. Улар мени қизиқишларимга жиддий қарашмади. Шифокор бўлишимни хоҳлашди. Шундай қилиб Тошмига ўқишга кирдим. Ўқиб юрган кезларим театр студиялар ва мусиқий ансамблларга қатнашардим ва тиббиётдан кўра санъатга қизиқишим ортиб борарди. «Пётр Клейнер» деган яхши театр студияси бўлар эди, ўша ерда мени

1977 йилларга қадар маҳоратли актёрга айлантириб қўйишганди. Актёрлик маҳоратим анча баланд эди. Газетадаги эълонда кастингни ўқиб қолдим. «Нортой»га танлов бўлаётганди. Рақобат эса анча катта. Ҳозир ҳам кулиб эслаб юрамиз.

Танловда ҳозирда машҳур бўлган Беҳзод Ҳамроев, раҳматли Ҳамза Умаровнинг ўғли Шуҳрат Умаров қатнашганди. Ўтишимга ишонмасдим. Аммо сал ўтиб телефон қилишди. Ролга сизни тасдиқладик дейишди. Охирги қарорни бу филмнинг бадиий раҳбари бўлган «Мимино», «Омадли жентелменлар» каби машҳур филмларни суратга олган режиссёр Георгий Данелия билдирган. Пробаларни Мелис ака Данелияга кўрсатганида, улар ўйлаб ўтириб, «мана бу йигитни оламиз, у беўхшов, озғин, оёқлари узун» деб мени танлаган экан. 1977 йил ёзида суратга олиш жараёнлари бошланиб кетган.

– Филмни киношунослар энг омадли дебют асар дейишади, тўғрими?

– Албатта. «Чинор остидаги дуэл» филми режиссёр Мелис Абзалов, сценарий муаллифи Рихсивой Муҳаммаджоновнинг кино оламидаги илк мустақил иши саналган. Шу билан бирга менинг илк дебют ролим ҳам эди.

– Айтингчи, филмнинг муваффақияти нимада эди?

– Биласизми, кўп ўйлаганман бу ҳақда. Кинони профессионал ижодкорлар суратга олишди. Филмда келажакка қараб интиладиган йигит ҳақида гап кетади. У ўтмишда қолиб кетган фикрлар билан яшамайди. Ўша вақтда кўпчиликка унинг феъл-атвори маъқул бўлган. Филмнинг ютуғи шу бўлса керак.

– Картинадаги актёрларнинг қайсилари билан муносабатларингиз ҳозиргача сақланиб қолган?

– Филмда укам Зокир ролини ўйнаган Жалол Юсупов билан ҳали ҳамон дўстмиз. Жалол мендан 10 ёшча кичик бўлсаям, мендан ҳам қобилиятли актёр эди. У дорбоз Тошкенбоевларнинг авлодидан. У чет элда яшаса-да, доимо қўнғироқлашиб турамиз. Қолган аксарият ижодкорлар бу ёруғ дунёни тарк этишди.

– «Келинлар қўзғолони» филмидаги образингиз эса характер жиҳатдан умуман бошқача...

– Ҳа, Нортойнинг тескариси. Онасини хафа қилмайдиган, акаларини сўзидан чиқмайдиган ва шу билан бирга аёлини ҳам кўнглига қарайдиган инсон образи.

– Тиббиёт соҳасидаги билимларингиз ҳаётингизда асқатдими?

– Биринчи филмим «Клиника» деб аталади. 1988 йилда Ўзбекфилм студиясида суратга олинган. Ота-онам шифокор бўлганлари учун, шифокорларга бағишлаб филм олишни ният қилганман. Бахтиёр Зокиров, Раъно Кубаевалар рол ижро этишган, бу филмим учун совринлар ҳам олганман.

– Турли жанрларда кинофилмлар суратга олдингиз. «Тоға», «Сабот», «Тутқунлик» каби филмларингиз орқали нуфузли совринларни қўлга киритдингиз.

– Жанрлар хилма-хиллиги бўлди. Драма, мелодрама, комедия, детектив, тарихий, жангари филмлар устида ишладим. 2014 йилда «Тоға» филми учун Россиядаги «В кругу семи» халқаро кинофестивалининг бош мукофотини, 2018 йилда эса «Сабот» филми учун Россия кинематографчилари иттифоқининг киношунослар ва кинотанқидчилар гилдияси совринини, Киноклублар федерацияси дипломини ҳам қўлга киритдик. 2021 йилда драма жанрида суратга олинган «Тутқунлик» бадиий филмида бош режиссёр бўлдим. Бу ютуқлар мен билан ишлаган барча ижодкорлар ютуғи ҳисобланади.

– Сизда ҳам айрим ҳолларда бу соҳадан кетиш истаги бўлганми? Агар бўлган бўлса, сизни нима ушлаб қола олди?

– Бу соҳадан кетиш истаги ҳеч қачон бўлмаган. Кино – бу ҳаётим, жоним. Касбимга садоқат билан ишлаяпман. Режиссёр сифатида 15 дан зиёд бадиий филмларни тасвирга олдим. Томошабинлар барчасини илиқ кутиб олишди. Сон-саноқсиз реклама роликлари, клипларни суратга олишга эришдим. Ўзимни бахтли инсон, деб ҳисоблайман.

– Икки хил даврни кўрган ижодкор сифатида ҳозирги ўзбек кино санъати ютуқ ва камчиликлари ҳақида нима дея оласиз....

– Замонавий ўзбек киноси ҳақида гап кетганда, тўғриси, унга бефарқ одамни топиш қийин. Қилинаётган ишларни мақтовчилар ҳам, улардан кўнгли тўлмай танқид қилувчилар ҳам, албатта, топилади. Ҳозир бизда савияси паст филмлар «хонтахта» деб аталадиган бўлган. Хонтахтани оладиган режиссёрнинг мақсади битта, у ҳам бўлса пул ишлаш. Уларнинг филмларини кўрадиган 16–20 ёшдаги ўсмир, йигит-қизлар жудаям кўп. Лекин, аслида, бу жуда ачинарли ҳолдир. Бой ва камбағал, қайнона ва келин, қисқаси маиший мавзулар бўляпти. Бу уларнинг танлови. Камчиликларнинг энг асосийси – сценарийларнинг заифлигида. Бадиий кенгаш аъзосиман. Қанчадан-қанча бўш сценарийларни ўқийман. Энг ачинарлиси шундаки, ўзбек киноси телевизион кинога айланиб улгурди. Кино ҳеч қачон телевидение учун ишлаши керак эмас. Бу бошқа санъат тури. Филм ижодкорларининг саъй-ҳаракатлари кичик эрканларда кўринмай қолади. Уни кинотеатрларда катта экранларда томоша қилиш керак.

– Шогирдларингиз борми? Келажаги порлоқ ижодкорлар деб, кимларни айта оласиз?

– Ҳозирда Тошкентдаги С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институтининг филиалида кинорежиссура ва кинодраматургия курсларида мазкур соҳага қизиққан ёшларга сабоқ бериб келяпман. Натижалар мени қувонтиради. Мақташга арзигулик иқтидорли ижодкор ёшлар бор.

– Фарзандларингиз қайси касб эгалари?

– 2 та фарзандим бор. Қизим 41 ёшда, Буюк Британияда яшайди. Ўғлим 35 ёш, Москвада яшайди. Улар санъат йўлини танлашмади. Бундан афсусланмайман. Уларнинг ўзларининг хоҳиши.

– Келгуси режаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз...

– 2024 йил сентябр ойида «Пахта» деган филмнинг суратга олиш жараёнларини тугатганман. Мақсадим, тезроқ уни томошабинларга халқаро кинофестивалларда намо­йиш этиш.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Юрт тинчлиги йўлида хизмат бурчини адо этаётган осо­йишталик посбонларига тилакларингиз...

– Ҳамиша юртимиз тинч бўлсин. Осмонимиз мусаффо бўлсин. Осойишталик посбонларимизга доимо сиҳат-саломатлик тилайман. Чинакам бадиий филмларни кўпроқ томоша қилинг ва кинога ҳеч бефарқ бўлманг, дейман.

Мадина ҚАҲҲОРОВА суҳбатлашди.