Маънавият ва маърифат дарси
Алишер Навоий турли халқ ва миллат вакилларини чин дилдан севган, ҳурмат қилган. Шу боис унинг барча асарларида турли халқ, дин, миллат ва элат вакиллари қаҳрамон даражасига кўтарилган. Масалан, Фарҳод хитойлик бўлса, Ширин армани, Лайли ва Мажнун араб, Баҳром форс, Искандар юнон миллатига мансуб эди.
Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ижодида ватанпарварлик ва инсонпарварлик, халқлар, миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик мавзулари асосий ўринни эгаллайди. Шоир жаҳон халқларига мурожаат этиб, уларни бир-бирига кўмакдош, елкадош, ҳамкор ва дўст бўлишга чақиради:
Олам аҳли билингизким,
иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким
эрур ёрлиғ иш.
Навоий инсоннинг қанчалик буюк хилқат экани, унинг шаъни, обрў-эътибори ҳамиша устун туриши лозимлигини эътироф этган. Тарихий манбаларда буюк мутафаккир ўзга юртлардан паноҳ сўраб келганларга бошпана бергани, ўз ҳисобидан карвонсаройлар, хонақоҳлар, мактаб ва мадрасалар, шифохоналар ва мурувват уйлари барпо этгани ёзиб қолдирилган.
Шунингдек, у мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, ўз ҳамюртларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга ҳам алоҳида эътибор қаратган. «Илигимдин келганча, зулм тиғин ушотиб, мазлум жароҳатиға интихол малҳамин қўйдум» дейилади унинг «Вақфия» асарида.
Зотан, 1469-йилда Хуросон тахти Ҳусайн Бойқаро ихтиёрига ўтганидан сўнг, мамлакатда адолат ўрнатиш, маҳаллий амалдорларнинг халққа нисбатан ноҳақликларини бартараф этиб, халқнинг норозилигини тўхтатишда, айбдорларни топиб жазолашда ҳам Навоийнинг хизматлари катта бўлган эди. «Маҳбубул-қулуб» асарида битилганидек, «мушукка риоят кабутарға офатдур. Яъни, золимга эрк бериш ожизлар учун мусибатдан бошқа нарса эмас».
Мир Алишер Навоий муҳрдор, «амири кабир» (бош вазир), Астробод ҳокими лавозимларида ишлаган пайтларида ҳам, адолат ва инсонийлик йўлидан бориб, мамлакатда тинчлик, осойишталик, фаровонликни таъминлашга ҳисса қўшди.
Шу билан бирга, улуғ мутафаккир адолацизлик, жабр-зулм кенг қанот ёйган, инсон шаъни, ҳақ-ҳуқуқлари топталган жойда ривожланиш тараққиёт бўлмаслигини ҳам таъкидлаб ўтган:
То ҳирс-у ҳавас хирмани
барбод ўлмас,
То нафс-у ҳаво қасри
барафтод ўлмас,
То зулм-у ситам жониға
бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас,
мамлакат обод ўлмас.
Яъни, юртда очкўзлик, баднафслик, тамагирлик, адолацизлик барҳам топмас экан, халқ фаровонлиги, одамларнинг розилиги, мамлакат ободлигини таъминлаб бўлмайди.
Навоий муаллифлик ҳуқуқига ҳам эътибор қаратган. Жумладан, «Мажолисун-нафоис» тазкирасида Ҳирот шоирлари ҳақида сўз юритиб, бошқаларнинг шеърини ўзининг ижод маҳсули сифатида ўқиб юрган Анисий тахаллусли бир шоирни танқид остига олган.
Бир ривоятга кўра, буюк шоир ёшлигида дарвешдан эшитиб, ёдида қолган қуйидаги бир байтдан ўз ғазалида фойдаланиш учун уни топиб, уй-жой, маош, иш билан таъминлаган экан. Мана ўша байт:
Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чокроқ,
Кипригим шабнам тўкилган сабзадин намнокроқ...
Буюк Навоийнинг бебаҳо мероси ва шарафли ҳаёт йўли йиллар ўца-да, замон ва макон сарҳадлари оша эзгулик, адолат ва инсонпарварлик йўлидаги муҳим дастуриламал бўлиб келаётир.
Шоир инсоннинг улуғлиги, шу билан бирга, ватанпарварлик, халқсеварлик ғояларини илгари сурган. Унинг «Ватан таркини бир нафас айлама», деган байтлари ҳам бевосита Ватанни севиш, уни асраш, обод қилиш шавқи билан яшашга даъват этади.
Навоийнинг абадиятга дахлдор мероси, бетакрор асарлари нафақат ўзбек, балки бутун башариятнинг бебаҳо маънавий хазинасига айлангани рост. Бугунги кунда ул зотнинг умрбоқий асарлари дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилинган. Бу асарлардаги эзгулик, инсонпарварлик, ватанпарварлик ғоялари, садоқат, иймон-эътиқод тараннуми бутун инсониятни бирликка, ҳамжиҳатликка даъват этиб келаётир.
Гоҳида Навоий асарларини мутолаа қилиш асносида унинг бетимсол закоси, идроки, узоқни кўра билишини ҳис этиб, чексиз ҳайрат гирдобига тушасиз. Назаримизда, ул зот юксак даражада тараққий этган замонамизнинг ўзига хос жиҳатларини, ҳатто муаммоларни беш ярим аср илгари теран нигоҳ билан кўра олгандек.
Алишер Навоий наинки ўз асарлари, балки эзгу амаллари билан ҳам эл-улусга ибрат кўрсатгани тарихий манбаларда ўз аксини топган. Ул зот ёзганларки:
Фил бўлса, агар ҳасминг,
десангки, зарар топмай,
Бир пашшага оламда
етказма зарар ҳаргиз.
Яъни, душманинг фил бўлса ҳам, зиён кўрмасликни истасанг, бу оламда пашшага ҳам зарар етказмагин.
Атрофга теранроқ назар солайлик. Ҳар куни ўнлаб бегуноҳ инсонлар мақсадсиз уруш ва низолар, зиддиятлар, ҳарбий ҳаракатларнинг қурбони бўлаётир. Навоий бобомизнинг асрлар оша яшаб келаётган шоҳ сатрлари уйғоқ руҳнинг янгроқ фарёдидек жаранглайди:
Унинг нақадар ватанпарвар бўлгани, эл-юрт манфаатини ҳар доим ўз манфаатидан устун қўйганликлари ортиқча эътирофга муҳтож эмас.
Менга қилса юз жафо,
бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо,
юз қатла фарёд айларам.
Ушбу байтда ҳам софлик, самимият ва ватанпарварлик яққол уфуриб турибди.
Бугун биз илм-фан, техника, ахборот технологиялари юксак даражада ривожланган бир даврда яшаяпмиз. Бу замон ҳар биримиздан маънавиятимиз, миллий қиёфамиз, қадриятларимизни турли ёт таъсирлардан ҳимоялаш, хусусан, ёшларимизнинг онгини турли иллатлардан асраш, уларни Ватанга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашни тақозо этади.
Навоий асарларининг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ёруғ келажагини таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётир. Бу асарларда илгари сурилган шарқона одоб-ахлоқ, ибо ва ҳаё, ор-номус, мардлик ва жасорат, Ватанга садоқат, ота-онага ҳурмат, меҳр-у муҳаббат ғоялари бизнинг замонамизда ҳам долзарблигича қолмоқда.
Шоир бутун олам аслида инсоният билан гўзал эканини, шу боис бу сайёранинг ҳар аъзоси имкон қадар уни обод этиши, бузғунчилик билан эмас, бунёдкорлик, яратувчанлик билан унинг фаровонлигини, осойишталигини таъминлаши лозим:
То бани Одам ила олам эрур,
Олам ичинда бани Одам эрур.
Адл ила олам юзин обод қил,
Хулқ ила олам элини шод қил.
Алишер Навоий ўзининг олтмиш йиллик умри давомида мангуликка дахлдор ишларни амалга оширди. Ўлмас асарлар, дилбар шеърлар битди. Она тилимизнинг шуҳратини, беқиёс гўзаллиги ва нафосатини яққол намоён этди. Умри давомида эл-юрт ғами, қувонч ва ташвишлари билан яшади. Бутун инсониятни ўзидан яхши ном қолдиришга даъват этди:
Бу олам ичраки,
йўқдур бақо гулиға сабот,
Ажаб саодат эрур,
қолса яхшилик била от.
Вақт ҳамма нарсадан устун, у ҳеч кимга бўйсунмайди. Замонлар, давр-у давронлар ўтаверади. Лекин Алишер Навоийдек буюк аждодларимиз яратиб қолдирган бебаҳо маънавий хазиналар асрлар суронига бардош бериб, янада сайқал топиб, қадр-қиммати ошиб бораверади. Биз эса Навоий бобомизнинг номи билангина фахрланиб қолмасдан, ана шу хазинадан баҳраманд бўлиб яшамоғимиз керак. Навоийни фақатгина байрамларда, таваллуд айёмларида эмас, ҳар куни, ҳар лаҳзада қалбимизда, руҳимизда яшатмоғимиз зарур.
Рустам ЖАББОРОВ,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори.
