«Бўжи бўлди, 

бўжи келди»

Тарихдан маълумки, ХИИИ асрнинг биринчи чорагида Чингизхон бошлиқ мўғуллар юртимизга бостириб киради. Истилочиларнинг даҳшат билан келиши, қон тўкиши, халқни талаши, эзиши, қул қилиб ишлатиши ўша даврда уларга қарши заҳарханда билан кулувчи мақолларнинг юзага келишига сабаб бўлган. Мисол учун, «Бўжи бўлди, бўжи келди, Чингиз билан Жўжи келди» нақлида халқ: «Бошимизга тушган фалокатни, азоб-уқубатни шулар олиб келди», демоқчи бўлган. Тилимизда мавжуд бўлган ва болаларни ухлатаётганда жим ётишга ундаб ёхуд уларни йиғидан тиндириш учун қўрқитиб айтиладиган «Ана, бўжи келди» ибораси юқоридаги мақолнинг қисқартириб талаффуз этилиши натижасида шаклланган. Бошқа бир манбада «олабўжи» қўрқинчли махлуқ эканлиги ҳам айтилади. 

Шу сабаб ҳам неча-неча асрлардан буён момоларимиз болаларни чақалоқлигиданоқ «Олабўжи келяпти, тез ухла», деган ёлғонлари билан қўрқитишган.

 

Кўринмас девор

Юртимизни ғорат қилган чор Россияси ҳам разилона сиёсат юритишда махсус хизматлар ва милисия кучидан кенг фойдаланган. Хусусан, қатағон йиллари, Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек йигитларини мажбуран урушга олиб кетилиши, кейинчалик собиқ иттифоқ давридаги Гдлян ва Иванов туҳматлари ортидаги «қама-қамалар» милисиянинг ёмонотлиқ бўлишига сабаб бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам халқ орасида «Ана, олабўжи келяпти» ибораси билан бирга, «Мелиса келяпти, ухламасанг олиб кетади» ибораси ишлатила бошланди. Бу эса шу миллат ичидан ички ишлар органлари сафига олинган осойишталик посбонлари ва халқ ўртасида «девор» юзага келишига сабаб бўлган. 

Мустақиллигимизнинг илк даврида бу «девор»ни олиб ташлаш учун дастлабки қадамлар қўйилди. Ички ишлар органларининг моддий-техник аҳволини яхшилаш, малакали миллий кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этишга қаратилган дастлабки ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, 1991 йил 25 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Ўзбекистон ССР ИИВ – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига айлантирилди. Қарор билан вазирлик низоми ва структураси тасдиқланди. Кейинчалик ушбу сана мамлакатимизда – Ички ишлар органлари ходимлари куни сифатида белгиланди. Қарорга ҳамоҳанг тарзда Ички ишлар органлари ходимларини халққа янада яқин қилиш ва уларнинг фуқаролар билан хушмуомала бўлишларини таъминлаш учун Ички ишлар вазирининг 1994 йилдаги буйруғи асосида «Касб одобномаси» 2011 йилда эса «Касб маданияти» тасдиқланди. 

Шу аснода Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг: «Ҳар бир ички ишлар органлари ходими ҳам оддий инсон, лекин ҳар қайси оддий одам ҳам ички ишлар органлари ходими бўла олмайди» деган сўзларини эслаш ўринлидир. Мазкур таърифнинг ўзиёқ ички ишлар органлари ходимларининг хизмати нақадар машаққатли ва оғир эканлигининг эътироф этилиши, уларнинг халқ тинчлиги ва осойишталиги йўлида қилаётган заҳматларига берилган баҳодир, аслида.

Ислоҳотлар даври

2016 йилда катта ислоҳотларга тамал тоши қўйилди. «Касб маданияти» янада такомиллаштирилиб, «Ички ишлар органлари ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари» сифатида қайта қабул қилинди. Шу йилнинг 16 сентябрида эса мустақил Ўзбекистоннинг 25 йиллик тарихида илк бор «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, унда ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолиятининг йўналиш ва тамойиллари белгилаб берилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёэвнинг «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган эзгу ғоялари асосида янгича тизим шаклланди. Барча соҳаларда бўлгани каби, ички ишлар органлари тизими самарадорлигини ошириш бўйича ҳам бир нечта қонун, Президентнинг фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда ҳукумат ва идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди. 

Соҳада эскича иш услубидан воз кечилиб, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган талаблар асосида иш олиб борилмоқда. Янгича иш услубига мослашадиган янгиликка интилувчи, ташаббускор, ватанпарвар, замонавий фикрлайдиган кадрлар билан тўлдиришга эътибор қаратилди.


Халқ ичида 

халқ билан бирга

Ислоҳотлар давомида республика миқёсида туман-шаҳарлар ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ташкил қилинди. Уларга ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини ташкил этиш ва ҳал қилиш, шу жумладан, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ечиш юзасидан жавобгарлик юклатилди. 

Чунончи, асосий эътибор қуйи бўғинни кучайтириш мақсадида маҳаллаларда криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга таъсир кўрсата оладиган ихчам ва мобил тизим шакллантирилди. Натижада аҳоли ўзи яшаб турган ҳудуддан унча узоқ бўлмаган жойда ташкил қилинган Иибнинг ўзида муаммоси ҳал этиладиган бўлди. Бундан ташқари, Ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил қилиниб, фуқароларга хизмат кўрсатиш янги босқичга олиб чиқилди.

Профилактика инспекторининг мақоми янада оширилиб, маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажариш профилактика инспекторига юклатилди. Уларга хизмат ҳудудидан уй, имтиёзли кредит асосида автомашиналар берилди. Мақсад, улар кечаю кундуз ўз хизмат ҳудудида бўлиши ва аҳолининг муаммоларини жойида ҳал этишдан иборат. 

Оилада эр-хотин жанжаллашиб қолса, ўғирлик содир бўлса ёки бошқа жиноят юз берганида, қўйингки қандай муаммо бўлса, фуқаро кимга нажот истаб боради. Албатта, маҳаллага, профилактика инспекторига. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, профилактика инспектори, ички ишлар органларининг маҳалладаги вакили эмас, маҳалланинг ички ишлар органларидаги ҳақиқий вакили сифатида шаклланмоқда. Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини ташкил этиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди. Хусусан, ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этишда «фуқаробай», «оилабай» ва «маҳаллабай» ишлаш орқали ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий профилактикасини таъминлаш амалиёти жорий этилди. Профилактика инспекторининг маҳаллада ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликдаги фаолиятининг йўлга қўйилгани кўплаб ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш ҳамда хотин-қизларни зўравонлик ва турли тазйиқлардан ҳимоя қилиш учун шароит яратмоқда. 

Тасаввур қилинг, кўчада светофор ишламай қолди. Чорраҳаларда катта тирбандликлар юзага келди. Куннинг иссиғию совуғида соатлаб транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солувчи ким? Бу йилги аномал совуқ кунларида ҳам кўчаларда транспорт воситалари яхмалак сабаб Йтҳга учраганида, носоз ҳолга келганида ёки шиналари панд берганида уларга биринчилардан ёрдам қўлини чўзган ким эди?! ЙПХ, ППХ ва бошқа соҳавий хизмат вакиллари эмасми?! Қаттиқ совуқ туфайли маҳаллаларда тез-тез газ, чироқ ва сув ўчиб қолганида, мутасадди ташкилотлар билан бирга юриб, муаммоларни ҳал қилишда кечаю кундуз юрган профилактика инспекторларининг заҳматидан кўз юмиб бўладими?! Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Президент қарори – туб ўзгаришлар омили

Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тизимда бошланган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ҳар бир ходим мазкур кодексда белгиланган қоида ва талабларни билиши, уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиши мажбурий этиб белгиланди. Кодекс қоида ва талабларига амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш ходимни ички ишлар органларидан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун аcоc бўлади. Кодексда белгиланган қоида ва талаблар ички ишлар органларида содир этилиши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар, суиистеъмолчилик ва коррупсия ҳолатларининг барвақт олдини олиш, ҳуқуқ-тартибот тизими обрўйига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмасликка йўналтирилди. 

Юқорида айтиб ўтилган барча ислоҳотлар ички ишлар органлари ходимларини халққа янада яқинлаштириш ҳамда унинг дарду ташвиши билан яшаши учун қилинмоқда. 

Бугун Янги Ўзбекистонда янги ички ишлар органлари шаклланиб, соҳа ҳар томонлама етук, билимли ва профессионал кадрлар билан тўлдирилмоқда. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмагандек улар орасида фуқароларга қўпол муамолада бўлаётганлари, нафс қутқусига учаётганлари ҳам учраб турибди. Ҳозирда тизимни бундай ходимлардан тозалаш ишлари жадал олиб борилмоқда. 

Шундай экан, азиз ота-оналар, фарзандларингизни «Ана, мелиса кел¬япти» дея қўрқитманг. Нафсиламрини айтганда, ички ишлар органлари ходимлари ҳам сизу биздек оддий инсон. Унинг ҳам ота-онаси, фарзандлари, оиласи бор, сизу биздек эзгу ниятлари бор, катта умидлар билан фарзандларининг бахту камолини кўришни орзу қилади. Шунинг учун сизу бизнинг ҳимоячимиз, хавфсизлигимизга қалқон бўлгувчи ички ишлар органлари ходимларига елкадош ва кўмакдош бўлайликки, буни кўрган келажагимиз ворислари уларни ҳақ-ҳуқуқимиз посбонлари дея чин дилдан ҳурмат қилсин. 


Сарвар СОБИРОВ, 

«Постда» мухбири.