Маънавият ва маърифат дарси

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низомида «Уруш тўғрисидаги ғоялар инсон онгида пайдо бўлади, шунинг учун айнан инсон онгида тинчлик тўғрисидаги ғояларни шакллантириш лозим», дейилган.

Дарҳақиқат, тарихга назар ташланса «уруш ва тинчлик» ғояси бир сония бўлса-да, унут бўлмаган. Инсоният пайдо бўлганидан буён 14 мингдан зиёд содир этилган катта ва кичик урушларда 3 млрд. 64 млн. кишининг ёстиғи қуригани, одамлар фақат 292 кунгина урушларсиз яшагани тарихий ҳақиқат. И Жаҳон урушида – 13 млн., ИИ жаҳон урушида – 60 млн., «совуқ уруш» даврида эса – 100 млн.га яқин инсон ҳалок бўлган. 

Ушбу урушларда ярадор, мажруҳ бўлганларнинг сони ҳалок бўлганлардан 2–3 баробар кўп. Уруш – офат, уруш – тараққиёт душмани, уруш – душман қидириш демакдир. Уруш ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, бузғунчи ғоялар ва мафкуралар маҳсулидир.

Бугун шуни афсус билан айтиш жоизки, инсоният ривожланиши билан урушлар сони ортиб («Рим клуби»нинг маълумотига кўра, жаҳонда йиғилиб қолган қурол-яроғлар захираси ер юзини 20 марта йўқ қилишга етади), уруш, зўрлик, фаҳш, ахлоқсизликни тарғиб қилувчи мафкура ва ғоялар оммавий ахборот воситаларини мафкуравий полигонга айлантирган. Ахборот мақомидаги сепаратизм, радикализм, терроризм, неофашизм, экстремизм, эгоцентризм, ксенофобия, нацизм, империализм, гомосексуализм ана шундай бузғунчи мафкуралардир.

Бу каби бузғунчи мафкуралар оммавий ахборот воситалари орқали зўрлик, жангарилик, фашизм, ахлоқсизлик, рангли инқилобларни очиқ ва яширинча тарғиб қилмоқда.

Бутун дунё аҳолисининг 4 млрд.га яқини ижтимоий тармоқлар аъзоси. Мутахассисларнинг фикрича, интернет орқали тарқаладиган компютер ўйинларининг 49 фоизи зўравонлик ва ёвузлик, 41 фоизи жангари характерга эга. Дунё бўйича йилига 10 мингдан зиёд филм суратга олинса, шундан 1000 таси Болливудга тегишлидир. Бу филмларнинг аксария­тида зўрлик, фаҳшга устуворлик берилган. Энг даҳшатлиси, бундай филмларга эҳтиёж катта. Ақлга, мантиққа эмас, эҳтиросга, фойдага қараб иш тутилмоқда. Бунинг учун ёлғонлар, уйдирмалар ўйлаб топиляпти. Сунъий воқеалар, образлар, субектив хоҳишлар обективликдан устун қўйил­моқда. Натижада ОАВ мафкуравий қуролга, одамлар ҳиссий хоҳишларининг қурбонига айланяпти.

Оммавий ахборот воситаларидаги бир жинсли оилалар, эгоизм, рангли инқилоблар тарғиботи натижасида:

– 11 та давлат «бир жинсли оила»ни тан олиб, никоҳдан ўтказмоқда;

– ҳар қирқ сонияда битта одам ўзини ўлдиряпти, 20 та одам шунга ҳаракат қилмоқда;

– рангли инқилоблар тарғиботи «араб баҳори», «лолақизғалдоқ», «сариқ инқилоб» каби инқилобларни пайдо қилди. Бунинг натижасида айрим давлатлар йўқ бўлиш арафасига келиб қолди;

– ёшлар орасида худбинлик кучаймоқда. Масалан, Хитойда 400 млн. ёшлар худбинликка чалингани қайд этилган;

– Европада эркин муҳаббат, яланғоч оила тарғиботи туфайли «оила экологияси», «демографик фожиа» содир бўлди. Ўлим туғилишдан илгарилаб кетди.

Муаммонинг ечимини излаш нуқтаи назаридан ёндашганда, яхши ғоя, яхши сўз, яхши амал тарғиботи керак. Бу дегани, коррупсия, терроризм каби салбий ҳаракатлардан кўра ҳалолликни, меҳнацеварлик, одоб-ахлоқни кўпроқ тарғиб қилиш керак. Чунки яхшиликни билган одам ёмонликка қўл урмайди.

Ахборот маконидаги геомафкуравий сиёсий курашлар бир қутбли ва кўп қутбли дунё тарафдорлари ўртасида содир бўлаётганини кузатиш мумкин. Масалан, тарихда империяпараст кучлар бутун дунё устидан ҳукмронлик қилишга ҳаракат қилиб, ўзларининг империяларини яратишган. Аммо қадимги Оссурия – Бобил (Вавилон), Эрон – Мидия, Юнон – Македония, Рим империялари, эрамиздаги Араб, Мўғул, Совет империялари дунё устидан тўлиқ ҳукмронликни ўрната олмади. Барча империялар мағлубиятга учради. Яъни, ички низолар, ҳокимиятпарастлик, клептократия, непотизм каби бузғунчи ғоялар империяларни ичидан емириб ташлади.

Бугун бир қутбли дунёга интилиш «дунё давлати», «дунё фуқароси», «дунё дини», «дунё тили» мафкурала­рини тарғиб этиш орқали амалга оширилмоқда. Аммо дунё кўп қутбли, унда 250 дан зиёд (193 таси БМТ аъзоси) давлатлар, 7 мингга яқин миллат ва элатлар, 3 мингга яқин динлар мавжуд. Бундай шароитда давлатлар устидан ҳукмрон давлатни, ягона дин, ягона миллат, ягона валюта, ягона тил мафкураларини очиқ ва яширин тарғиб этиш дунё учун ҳалокатлидир (яъни, урушни тарғиб этиш билан баробардир).

Глобал дунёда ҳар хилликдаги уйғунликка эришиш, муроса йўлини тутиш (мархаенизм мафкураси), муаммоларни компрамисс, консенсус орқали ҳал этишга қаратилган ғоя ва мафкураларни тарғиб этиш зарур. Тинчлик масаласида плюрализмга эмас, (чунки тинчликка муқобил йўқ) «Авесто» ва тасаввуф таълимотларида айтилганидек, «эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал» ғоясига, жадидчи бобола­римизнинг «фикрда – бирлик, сўзда – бирлик, амалда – бирлик» мафкуравий шиорига устуворлик бериш ҳаётий заруриятдир.

Янги Ўзбекистон кўпмиллатли, кўпконфессионал давлат сифатида кўпқутбли дунёни ёқлаб, прагматизм мафкурасига асосланган тинчликпарвар ички ва ташқи сиёсатни амалга оширмоқда. Шу боис, ички сиёсатда халқ ишончига, ташқи сиёсатда халқаро эътирофга муяссар бўлмоқда.

Бугун Ватанни севган ҳар бир фуқаро тинчлик учун курашмоғи керак. Юнон файласуфи Гераклитнинг «Кураш – ҳамма нарсанинг отаси, ҳамма устидан ҳукмрон. Ҳар қандай вазиятда ҳам тинчлик учун курашиш, бошбошдоқликни оловдан-да олдин ўчириш зарур», деган фикрини ёдда тутиш лозим. У. Черчилнинг «Келажак империяси – интеллект империясидир» деган башоратини ёдда сақлаб, бузғунчи мафкураларга яратувчи, бунёдкор мафкураларни қарши қўйиб яшаш зарур. Чунки ғояга қарши фақат ғоя билан, ёлғон ахборотга қарши чин ахборот билангина курашиш мумкин. Бу борада курашмаслик ёки сукут сақлаш зўрлик ўтказиш, бузғунчиликни тарғиб қилиш кабидир.

Хулоса қилиб айтганда, ахборот майдонидан ҳеч ким ташқарида эмас. Агар инсон ахборотни бошқармаса, ахборот инсонни бошқаради. Бугун ОАВ – ижтимоий фикрни яширин бошқариш салоҳиятига эга қудратли кучдир. Бу фикрни Наполеоннинг «Мен юзта тиғдан кўра, учта газетадан кўпроқ қўрқаман» деган башорати ҳам тасдиқлайди. 

Шавкат МАМАДАЛИЕВ,

ИИВ Академияси профессори,

фалсафа фанлари доктори,

полковник.