Маънавият ва маърифат дарси

Ўзбек аёллари ўзининг матонати, сабр-тоқати, метин иродаси-ю мислсиз жасорати билан ҳамиша мавқейини сарбаланд ушлаган. Мамлакатимиз хотин-қизлари тарихнинг турли даврларида, суронли йилларида, ҳар хил қийинчилик ва жанг-у жадалларда ҳам матонат ва жасорат намунасини кўрсатган. Бунга мозий ҳам гувоҳ. Масалан, олис тарих саҳифаларидан жой олган массагетлар маликаси Тўмарис милоддан аввалги 529-йилда Аҳамонийлар подшоҳи Кир ИИ ни жанг майдонида енгишнинг уддасидан чиққан эди.

Қадимги юнон тарихчиси Геродотнинг «Тарих» асарида ёзилишича, Аҳамонийлар давлати асосчиси Кир ИИ Туронга бостириб кирганида, массагетлар Амударё (Аракс) бўйлари ва Қизилқумда яшашган. Тўмарис массагетлар подшосининг хотини бўлиб, у эри­нинг вафотидан сўнг давлатни бошқарган. Эрондан келган босқинчилар қўшини ва массагетлар ўртасида шиддатли жанглар бўлган. Форслар ҳий­ла йўли билан Тўмариснинг ўғли Спаргалис (Сипарангиз)ни асир олишганда, ор-номусга чидай олмаган Спаргалис ўзини ўлдирган. Тўмарис ўғли­нинг ҳалокатидан эсанкираб қолмай, икки ўртада аёвсиз жанг бўлган. Форс қўшинлари­нинг асосий қисми, жумладан, Кир ИИ ҳам жанг майдонида ҳалок бўлган. Тўмариснинг жасорати ва ҳарбий-сиёсий фаолияти тўғрисида халқ достонлари яратилди, жангнома ва риво­ятлар тўқилди.

Яна бир мисол, Қўқон хони Умар­хоннинг турмуш ўртоғи, ўзбек мумтоз ада­биётининг ёрқин вакиласи, «Комила» ва «Макнуна» тахаллуслари билан ижод қилган Нодира (Моҳларойим)дир. 1822-йилда Умархон вафот этгач, унинг ўғли 14 ёшли Муҳаммад Алихон (Маъдали­хон) тахтга кўтарилади. Лекин давлатни асосан Нодиранинг ўзи идора қилади. У маданият ва санъатни ривожлантиришга интилди. Қўқонда йирик адабий муҳит вужудга келди. Бозор-у расталар, масжид-у мадраса­лар, карвонсаройлар қурилишига эътибор берилди. Гўристони калондаги Мадрасайи Чалпак, Тақагарлик растасидаги Моҳларойим мадрасасини бино эттирган.

Англаганингиздек, ўзбек аёллари ҳатто давлатни идора қилишдек масъулиятли вазифаларда ҳам жонбозлик кўрсата олган. Бу нозик хилқат вакилаларининг ҳар қандай ишга масъулияти икки карра кучли­лигини, қаерда бўлмасин, ўз вазифасини ортиғи билан бажара олишига яққол далилдир.

Айни дамда жамиятда хотин-қизларнинг ўрни беқи­ёс. Фидойилиги, қобилияти билан барчани ҳайратга солаётган аёллар сафи эса муттасил ра­вишда кенгайиб бормоқда. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни ва таъсирини ошириш сўнгги йилларда барча давлат дастурларининг устувор йўналишлари сифатида киритиб борилмоқда. Мустақиллик йилларида хотин-қизларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Оила кодексида турмушда, оилавий муносабатларда аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли экани, оила давлат томонидан муҳофаза этилиши ўз аксини топган.

Шу вақтга қадар аёллар ҳуқуқи ҳимояланган кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Айниқса, хотин-қизларимизни иш билан таъминлаш, табдиркорлик қилишларига эркинлик бериш, рағбатлантириш борасида сезиларли ишларни кузатиш мумкин. Бугунги кунда хотин-қизлар минглаб йиллар давомида умуман кўрмаган ва гувоҳи бўлмаган, орзу-интилишларининг мазмун-моҳиятига айланган сиёсий ҳуқуқларга ҳеч қандай тўсиқларсиз эришмоқдалар. Уларга нисбатан қарашларнинг тубдан ўзгаргани ва энди нафақат оилавий ҳаёт, балки давлат ва жамият ҳаётида аёллар ҳамда эркакларнинг мақоми ҳам тенглашгани диққатга сазовордир.

Президентимизнинг аёлларни, оналарни ҳаётдан рози қилиш устувор жиҳат эканлигини таъкидлагани ҳам бежиз эмас: «Биз эркин ва фаровон, демократик, дунёга очиқ мамлакатни барпо этишда бутун халқимиз қатори хотин-қизларимиз ҳам беқиёс ҳисса қўшаётганини албатта юксак қадрлаймиз. Ўзбекистонда қандай қонун ва қарорларни қабул қилмайлик, қандай ислоҳотларни ҳаётга жорий этмайлик, давлат раҳбари сифатида менинг кўз ўнгимда аввало мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз сиймоси, уларнинг дард-у ташвишлари туради. Оила таянчи, жамият устуни бўлган она­ларимиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлади. Халқ рози бўлса, Яратганимиз ҳам биздан рози бўлади!»

Минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги ҳам аёлларга бўлган муносабат билан белги­ланган. Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш Шарқ халқларига, жумладан, ўзбек халқига хос хусусиятдир. Муборак ҳадиси шарифда кел­тирилган «Жаннат оналар оёғи остидадур», «Аввал онангизга, яна онангизга ва яна онангизга, сўнгра отангизга яхшилик қилинг», деган беназир сўзларда ҳам ана шу адоқсиз эҳтиром намоён бўлиб турибди. Миллат аёлларни нечоғлик улуғласа, унинг ўзи ҳам шунчалик улуғланади.

Замонавий аёл деганда, биринчи навбатда, олий маълумотга эга, дунёқараши кенг, иқтисодий жиҳатдан мустақил, маънавияти юксак, фаол раҳбар ёки ходим, баркамол авлодни тарбиялайдиган меҳрибон она, ҳурмат-эҳтиромга сазовор аёл, саранжом-саришта бекани кўз олдимизга келтирамиз. Бундай аёл­нинг муносиб ижтимоий-сиёсий мақомини таъминлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб мақсадидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева БМТ ва бошқа нуфузли ташкилот­ларнинг минбарларида таълим, соғлиқни сақлаш масалалари ҳамда бошқа кўплаб

гло­бал муаммолар ҳақида бонг ураётганлиги, Ўзбекис­тон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг на­мунали фаолияти, ёшлар, бола ҳуқуқлари бўйича аёл раҳбарларнинг етакчилик қобилияти эътироф этилаётганлиги янги Ўзбе­кис­тонда аёлларга эътибор юксак даражага чиқаётганлигидан далолат беради.

Юртимизда гендер тенгли­гини таъминлашга қаратилган ишлар самараси, ўз навбатида хотин-қизларга билдирилаётган ишонч, десак, адашмаган бўламиз. Бир сўз билан айтганда, хотин-қизлар ҳамиша давлат эътиборида, эъзоз-у ардоғида. Чунки аёл ўзини бахтли ҳис қилса, жамият бахтли бўлади, оилада маънавий муҳит барқарорлиги таъминланади!

Аброр ПОЁНОВ,

ўз мухбиримиз.