Катта лейтенант Назира Бекимбетова Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларидан бири – Қора-ўзак тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори лавозимида хизмат қилади. Аёл дардини аёл тушунади, деганларидек, у туманда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида кўплаб самарали ишларни амалга оширмоқда.
Қаҳрамонимиз томонидан тумандаги «Атамекен» макон фуқаролар йиғини ҳудудида олиб борилган ўрганишлар давомида фуқаро Маржангул Раметова илгари тикувчилик билан шуғулланганини, агар ёрдам берилса, яна шу касб билан шуғулланишга хоҳиши борлигини билдирди. Унинг хоҳиши инобатга олиниб, банкдан тикув машиналари хариди учун имтиёзли кредит олишга амалий ёрдам берилди. Натижада кичик тикув сехи очилиб,
6 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
– Тўғриси, айрим ўрганишларимиз давомида «аёлнинг 40 та жони бўлади» деган гап бежиз айтилмаганига ҳам гувоҳ бўламиз. Чунки айрим хотин-қизларимизни қийнаётган муаммолар, ташвишлар кўпчилик эркакларнинг қаддини букиши мумкинлигини барча ҳам англаб етавермайди. Бундай ҳолат куни келганида, нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис асосий эътиборни оиладаги муаммоларга қаратиб, уларни имкон доирасида ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз, – дейди катта лейтенант Н.Бекимбетова.
Жорий йилда туман миқёсида 73 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган бўлса, 7 нафар аёл реабилитасия марказига жойлаштирилди, 3 нафарига психологик маслаҳат берилди. Шунингдек, 3 та ҳолат бўйича ҳимоя ордери талаблари бузилгани аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилди. Булардан ташқари, туман ИИБ профилактик ҳисобида турган хотин-қизлардан 7 нафари ишга жойлаштирилиб, 27 нафарига моддий кўмак кўрсатилди. Бу каби саъй-ҳаракатларда, шубҳасиз, катта лейтенант Назира Бекимбетованинг муносиб ҳиссаси бор.
Назира Бекимбетова Қўнғирот туманида туғилиб, вояга етган. Ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг Қорақалпоқ давлат университетида таҳсил олди. Ўқишни битирганидан кейин маълум вақт давлат идораларидан бирида фаолият кўрсатди. Аммо кейинчалик узоқ йиллар Қорақалпоғистон Республикаси Иивда хизмат қилган отаси Едилхан Бекимбетовнинг изидан боришга аҳд қилди. Илк фаолиятини 2013-йилда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ 2-сонли Тергов ҳибсхонасида бошлаган Назира 2019 йилгача шу ерда хизмат қилди.
У турмуш ўртоғи – Тахтакўпир тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғининг ўринбосари, маёр Ж.Хожанов билан икки нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда.
Азамат ПИРНИЯЗОВ,
«Постда» мухбири.
Қорақалпоғистон
Республикаси.
