Қадим замонларда бир одам дарё устига кўприк қурибди ва бу қирғоқдан наригисига ўтишни хоҳлаган йўловчилардан 1 танга миқдорида тўлов ола бошлабди. Одамлар унинг бу иши учун ёқтирмас, ҳатто салом беришни ҳам ўзларига эп кўришмасди.
Вақти-соати етиб, у оғир хасталанибди ва умри якунига етиб қолганини ҳис қилибди. Шунда ўғли ундан сўнгги тилагини сўрабди. Ота шундай дебди: «Мен инсонларга ҳеч яхшилик қилмадим. Улар билан доим қўрс муомалада бўлдим. Умрим давомида ҳеч ким мени яхши кўрмади. Қанийди, қазойимдан сўнг мени яхши сўзлар билан тилга олишса. Афсуски, энди бунинг иложи йўқ». Йигит эса ишонч билан унга: «Истагингизни бажо келтираман», дебди.
Отасининг вафотидан кейин ўғил кўприкдан ўтиш нархини 3 танга қилиб белгилабди. Одамлар эса ўзаро бир-бири билан пичирлаша бошлабди:
– Ноинсоф. Ғирт виждонсиз экан бу йигит. Отаси ҳарҳолда яхши инсон эди. Атиги 1 танга оларди.
Рус тилидан
Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
