Маъмуржон тунов куни ўғлига қўл фонари олиб берган эди. Бугун эса ўзи учун сотиб олди. Кечки пайт ишдан кайтгач, худди ёш боладай дам у хонанинг, дам бу хонанинг чироғини ўчириб, фонари билан ёритиб кўрарди. Изидан эргашиб юрган ўғли охири ҳайрон бўлиб сўради:
– Дада, нима қиляпсиз?
– Маза қиляпман, ўғлим, маза қиляпман!
Шундай деб Маъмуржон балконга чиқди. Деразадан бошини чиқариб, фонарининг нурини пастдаги дов-дарахтларга, машиналарга қаратди. Машинасининг ёнида куймалашаётган қўшнисининг кўзи фонарнинг нуридан қамашди, шекилли, кесатди:
– Ҳа, Маъмуржон, зерикяпсизми?
– Йўғ-э, шунчаки, болаликнинг хумори тутди.
– Ундай бўлса, ўғлингиз билан бекинмачоқ ўйнанг, маза қиласиз, – қўшниси шундай деб ўзининг гапига ўзи завқланиб қаҳқаҳа отиб кулди.
– Дадаси, қўшниларга майна бўлиб нима қиляпсиз?! Ундан кўра овқат пишгунича телевизор кўринг, сканворд ечинг, – дея ошхонада овқатга уннаётган аёли уни койиган бўлди.
Маъмуржон ичкарига кириб, яна чироғи ўчиб хоналарни галма-гал фонари билан ёритишга тушди. Шу аснода гўёки ичи ҳам ёришиб кетарди. Ахир, унинг болалик орзуси ушалган эди...
Худди кечагидай ёдида. Отаси уларни ташлаб кетгач, рўзғорда етишмовчиликлар, ҳаётда қийинчиликлар бошланди. Шўрлик онасига роса қийин эди. Унинг топгани еб-ичишдан ортмасди. Буни ҳали 7-8 ёшли бола бўлса-да, Маъмуржон ҳам мурғак қалби билан яхши ҳис этарди. Шунинг учун тенгдошларига ўхшаб «Уни олиб беринг, буни олиб беринг!» деб хархаша қилмасди.
Тенгқурларининг турли-туман ўйинчоқлари бўларди. Кейинроқ улар велосипед олишди. Маъмуржон ўйинчоқлари, велосипеди, зўр кийимлари йўқлигидан ўксинмасди. Лекин бошқа ўртоқларига ўхшаб қўл фонари бўлишини жуда-жуда хоҳларди. Фақат буни муштипар онасига айтолмасди...
Оила қуриб, фарзандли бўлгач, болаларининг ҳамма хархашаларини ортиғи билан бажарди. Улар бир дунё ўйинчоқларини хонасига ёйиб ташлашар, кейин йиғиштирмагани учун онасидан гап эшитишарди. Тунов куни ўғлига сўрамаса ҳам қўл фонари олиб берди. Бугун эса ўзига фонар олди. Зўридан. Зарядкага қўядиганидан.
Кечаси уйининг қоронғи хоналарининг ёритиб юрди. Вақт алламаҳал бўлганда яна балконга чиқди. Энди пастда ҳеч ким кўринмасди. У хуморидан чиққанича машиналарни, гаражларни, маҳалла чойхонасини, дов-дарахтларни ёритди. Фонарининг нури дарахтларнинг ҳув учигача етиб борарди. Маъмуржон шу оқшом жуда-жуда бахтли эди...
Бобомурод Тошев.
