Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқий театрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унинг аввалида сўз олган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М. Камалов ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами билан осойишталик посбонларини самимий қутлади.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига биноан, байрам арафасида тақдирланган ички ишлар органлари ходимларининг бир гуруҳига фахрий унвон ва кўкрак нишонлари топширилди.
Шунингдек, тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник А. Темирханов ҳам сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан юртимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш юзасидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳамда сўнгги беш йил давомида ходимларга яратиб берилган имконият ва шарт-шароитларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Бундан ташқари, ўз фаолияти давомида фидойилик намуналарини кўрсатиб келаётган осойишталик посбонлари, турли танловларнинг ғолиблари, соҳа фахрийлари ҳамда хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этган ходимларнинг оила аъзоларига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган байрам тадбири якунида эса, йиғилганларга республика маданият ходимлари ҳамда вазирликнинг “Орол юлдузлари” ансамбли ижросидаги консерт дастури намойиш этилди.
Азамат Пирниязов,
“Постда” мухбири.
