Давлат байроғи миллатнинг, халқнинг, юрт фуқаросининг ғурури, ор- номуси даражасига кўтарилган рамзлардан бири ҳисобланади.
Шу ўринда байроқнинг тарихимиздаги ўрнига эътибор қарацак. Ўрта асрларда туркий халқлар орасида асосан ҳарбий байроқлар бўлган. Улар туғ ёки туға деб аталган. Айрим ҳоларда ялов деб ҳам номланган. Байроқ жипсликни, бирликни, ғалабага интилишни акс эттирган.
Улуғ бобомиз Амир Темур ҳам ғолиблик байроғини юксакларга кўтаришни афзал билган. Чунки байроқ остида бир маслак остида бирлашгандек бутун эл бирлашади. Ана шундай эл билан улуғ салтанатни барпо этган Соҳибқироннинг қудратли давлатини бутун дунё тан олганини ҳаммамиз биламиз.
Умуман, байроқ том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланган. У жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд кўтарилган. Байроқ энг ишончли навкарлар томонидан қўриқланган, жангдан ташқари пайтларда эса баланд минорларда ҳилпираб турган.
«Темур тузуклари»да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу Соҳибқирон давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва қандай катта аҳамиятга эга эканидан далолат беради.
Шу маънода байроқ халқнинг кўнгил истакларининг рамзи сифатида ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлаган. Бугун ҳам мана шу байроқнинг бошимиз узра ҳилпираб туришидан наинки ғурур ва ифтихор ҳиссини туямиз, балки бутун ҳиссиётларимизнинг намойиши ўлароқ бошимизни мағрур тутишимиз рамзи сифатида қабул қиламиз. Бир қараганда байроқ оддий бир мато бўлиб кўринса-да, унинг моҳиятида халқнинг ўзлиги, миллатнинг ор-номуси, ифтихори ва ғурури сингари муқаддас туйғулар мужассам.
Жаҳоннинг юксак ареналарида спортчиларимиз зафар қучиб, бунинг шарафига байроғимиз юқори кўтарилганда, ғуруримиз сарбаланд бўлгани, биз ғолиблар авлодидидан эканимизни дилдан ҳис қилишимиз, байроғимиз баланд кўтарилишидан кўнглимиз тоғдек юксалиши, ҳаяжондан кўзларимизга ёш келиши биз учун байроқнинг нечоғли катта аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.
Байроқнинг аҳамияти, мақоми қонунчилик йўли билан ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Асосий қонунимизнинг 2-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир”, 3-моддасида эса “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади”, деб таъкидланиши байроғимизга нисбатан бўлган юксак эътиборнинг тасдиғидир.
Шу маънода байроғимиз бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир. У ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, миллатимизга хос инсонпарварликни мужассам этган. Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир. Оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир. Байроқдаги ярим ой ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналарига мувофиқ келади. Чунончи, ярим ой ва юлдузлар мусаффо осмоннинг, тинчликнинг рамзидир. Ўн икки рақами қадимдан халқларимиз орасида мукаммаллик тимсоли бўлиб келган. Шу боисдан ҳам байроғимизга ўн икки юлдузнинг тасвири туширилади.
Мустақиллигимизнинг рамзи бўлган Давлатимиз байроғи тинч ва осойишта ҳаётимиз ва ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Байроғимизнинг мавжудлиги, доимо мағрур ҳилпираб туриши Ватанимиз сарҳадларининг дахлсизлиги, халқимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, ғуруримиз, шаънимиз, қаддимиз ва қадримиз тимсоли бўлган байроғимизни ҳамиша баланд кўтарайлик!
Шавкат ТЎРАЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти
бўлим бошлиғи, фалсафа фанлари номзоди, доцент.
