Табаррук қадамжолар

Чортоқ – алломалар, закийлар, азиз авлиёлар юрти. Биби Наима она ҳақидаги ҳикоямиз туманда маълум ва машҳур бўлган «Балиқли кўл» зиёратгоҳи билан боғлиқ.

«Балиқли кўл» зиёратгоҳи тарихи Султон Увайс Қараний билан боғланади. Манбаларда кўрсатилишича, у 621-йилда Ямандаги Қаран қишлоғида Муродий қабиласининг чорвадор оиласида таваллуд топган. Фаридиддин Аттор маълумотларига кўра, у кишининг тўлиқ исмлари Суҳайл ибн Омир Қаранийдир.

Бир улуғ зотни кўрмасдан, ундан руҳий таълим олган бузрук зот Увайс (хокисор, камтар кимса) дейилади. Бу лақаб илк бора Пайғамбаримиз томонларидан Султон Увайсга берилган. Бу ҳақда Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида батафсил тўхталиб ўтади. У зотнинг «Султон» дейилишига сабаб авлиёлар султони, аълоси бўлганлар.

Ривоятларга кўра, Увайс­нинг қалбига Муҳаммад Мустафо (с.а.в)нинг оташи тушади. Унда Расули акрамни зиёрат қилиш орзуси пайдо бўлади. Шундан сўнг Султон Увайс Мадинага боради, аммо Расули акрам билан айрим сабабларга кўра, учраша олмайди. Увайс уйига келган куни туш кўради: унда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): «Эй Увайс, мен билан учрашмай кетибсан-да, сен энди онангни туяга миндириб, Турон сари йўл ол. Ўша ерда Бўспи тоғи бор, унинг ёнбағирларида туя боқиш билан машғул бўл», дейдилар. Эрталаб кўрган тушини онасига айтиб, Пайғамбари­мизни кўра олмасам-да, у кишининг айтганларига итоат айлайин, деб йўлга отланади. Кўп қийинчиликларни енгиб, кимсасиз саҳрога, кўкарган бир туп гиёҳ бўлмаган, томчи сув йўқ масканга етиб келишади.

Султон Увайснинг онаси йўл азобидан кўп ҳолдан тойгани боис шу жойда, Бўспи тоғи этакларида ҳаётдан кўз юмади. Кимсасиз саҳронинг иссиқ кунида Увайс онасининг жасадини ювиш учун сув топа олмайди. Шунда Аллоҳга: «Онам жасадини ювиш учун сув бергин!» деб илтижо қилди. Аллоҳ буюради: «Ҳассангни ерга санч!». Увайс қўлидаги ҳассасини ерга санчганида мўжиза рўй бериб, қизиб турган тупроқдан сув отилиб чиқади. Онасини шу булоқ сувида ювиб, жасадини булоқ тепасига қўяди. Бу қабр ҳозиргача сақланиб қолган.

Ҳозирда бу жойда Увайс Қаранийнинг оналари «Биби Наима она» зиё­ратгоҳи жойлашган. Зиёратгоҳ аҳоли тилида «Сутли булоқ» деб ҳам номланади. Бу сувда сутнинг таъми бор, ҳар жума куни маълум муддатда худди булоқдан оппоқ сут отилиб чиқиб оқаётгандек кўринади.

Авлоддан авлодга ўтиб келаётган ривоятларга қараганда, Султон Увайс онаси­нинг ҳатто қабрини ҳам ташлаб кетмаган. Шу маконда одамларнинг чорвасини боқиб, тирикчилик қилган.

Увайс Қараний фақирона ҳаёт кечиради, турли илмларни чуқур ўрганиб, авлиёлар даражасига етади. Манбаларда у 12 боблик «Тазкирот ул-ҳарб» («Ҳарбий санъат») номли рисола ҳам ёзгани айтилган.

Давлатимиз раҳбари 2017-йил 7-июлда вилоятга ташрифи мобайнида «Балиқли кўл» зи­ёратгоҳида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишиб, бу ерни шарқона услубдаги меъморий ечимлар билан кўркам ва обод масканга айлантириш юзасидан ўз тавсияларини берган эди. Ҳозирга келиб «Балиқли кўл» зиёратгоҳи асосида йирик мажмуа ташкил этилди. Мажмуа масжид, мақбара, музей, кутубхона, меҳмон­хонани ўз ичига олади.

«Балиқли кўл»ни сув билан таъминлаб турувчи манба бу – сирли булоқлардир. Ана шу булоқлардан ҳар дақиқада 140 литрга яқин сув отилиб чиқади. Бу маскан анча катта майдонни эгаллайди, кўл атрофида соя-салқинда манзарани томоша қилар экансиз, албатта, нигоҳингиз булоқнинг остида сузиб юрган балиқларга тушади. Уларнинг оқимдан чиқиб кетмаслиги ва ҳафта­нинг ҳар жума куни йўқ бўлиб қолиши ажойиб мўжиза. Бу­нинг сабаби ҳамон сирлигича қолмоқда. Яна бир ғаройиб жиҳат шундаки, бу балиқлар кўпайиб ҳам, озайиб ҳам қолмайди. Шунга нисбат берилган ҳолда, қишлоқ ҳам «Балиқли кўл» деб номланган.

Балиқли кўл ва Биби Наима она зиёратгоҳлари доимо гавжум. Юртимизнинг турли вилоятларидан, хусусан, қўшни республикалардан Ислом оламидаги улуғ зотнинг қабрини зиёрат қилгани келаётган сайёҳлар сафи ортиб бормоқда. Зиё­ратгоҳларни вилоятнинг муҳим туризм марказларидан бирига айлантириш саъй-ҳаракатлари жадал давом этмоқда.

 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА тайёрлади.