Жиззах вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизматининг патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда пробасия хизматлари ходимлари учун ўқув семинарлари ташкил этилди. Сабоқлар ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, полковник Барат Маминов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ташкил қилинди.

Соҳа вакилларига мамлакатимиз Президентининг 2021-йил 29-ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги консепсиясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар хусусида атрофлича маълумот берилди. Жамоат жойларида аҳоли хавфсизлигини таъминлашда куч ва воситаларни бошқариш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдаги шахслар билан ишлаш, вояга етмаганлар ва ёшлар, айниқса уюшмаган қатлам билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни ўтказиш борасидаги билимларини оширишди.

Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилиши, пробасия хизмати назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини назорат қилиш, ижтимоий мослаштириш ва қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга оид кўникмалар кучайтирилди. 

Семинар якунида қатнашчиларнинг билими синовдан ўтказилди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.