Ғуломжон Ёқубов ижодини дастлаб миллий қўшиқчилик йўналишида бошлаган. Эстрада йўналишига кириб келишига эса ўша машҳур «Дилором» қўшиғи сабаб бўлган. Бу қўшиқ бастакор Алишер Расулов, шоир Муҳаммад Юсуф ҳамда хонанда ҳамкорлигида яратилган.

Кунларнинг бирида Алишер Расулов Ғуломжон Ёқубовга қарата: 

– Бир қўшиқ бор-у, аммо сизга тўғри келмайди-да, – дейди.  

– Ие, яхши қўшиқ бўлса, нега тўғри келмас экан, бу нима деганинг? – дейди ҳофиз. 

– Чунки бу эстрада йўналишида, сиз эса миллий йўналишда ижод қиласиз. Мухлислар қабул қила олмайдими, деб чўчияпман. Танқидларга учраб, мавқеингизни туширманг, дейман-да.

– Қани, аввал бир эшитай-чи, – дейди «Дилором» қўшиғини қўйиб беради. 

– Шу ашула меники! – дейди ҳофиз. 

– Лекин сўзлари маъқул эмас. 

Икки ижодкор баҳслашиб туришганининг устига шоир Муҳаммад Юсуф кириб қолади. 

– Менга мана шу қўшиқ учун сўзлар керак, – дейди унга қарата ҳофиз. 

– Шунгами, – дейди шоир ажаблангандек. Қўлини пешонасига қўйиб, бироз ўйга толади. – Яхши, бугун кечга тайёр бўлади, аммо соатини айтолмайман. Тайёр бўлиши билан қўнғироқ қиламан, келиб олиб кетасиз.

Ўша куни тунда, соат 3 да шоир хонандага қўнғироқ қилиб шеър тайёр бўлганини, келиб олиб кетишини айтади. Хонанда ўша заҳотиёқ Назарбекдан шоирнинг уйи томон — Дархонга йўлга чиқади. Ижод устида ўтирган шоирдан шеърни олиб ўқиб чиқади, хонанданинг кўнгли жиз этиб, унга миннатдорлик билдиради. 

Қисқа фурсат ичида хонанда репертуаридан яна битта қўшиқ – «Дилором» жой олади. Аммо негадир мухлислар томонидан унча қизиқиш билан кутиб олинмайди, барибир кўпроқ эски ижод намуналаридан куйлашини сўрашади. Орадан икки-уч йил ўтгач эса кутилмаганда қўшиқ оммавийлашиб кетади.

— «Дилором» 1995-йилда яралган қўшиқ, — дейди ҳофиз. — Бугунги кунда бирор даврага кирсам, шу қўшиқни айтмагунимча рухсат беришмайди. 

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 1985-йилда Ғуломжон Ёқубов «Мажнунтол» грампластинкаси учун «Олтин диск» мукофотига сазовор бўлган. «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати» ва «Фидокорона хизматлари учун» каби орденлар билан мукофотланган санъаткор бу йил 

74 ёшни қаршилади. У ҳали-ҳануз халқ хизматида бўлишга, мухлислар кўнглини олишга ҳаракат қилади. 

Қуйида қўшиқ матнини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Адолат ФАЙЗИЕВА, 

ўз мухбиримиз.