Нақл қилишларича, бадавлат бир инсон ўғлига чиройли тарбия берибди. Ўғли вояга етгач, ёмон улфатлар билан дўстлашиб қолади. Бундан хабар топган бой, унга насиҳат қилади. Ўғил эса хотиржамлик билан:
– Хавотир олманг, отажон, мен уларнинг таъсирига берилмайман. Менга берган тарбиянгиз дилимга маҳкам ўрнашган, – дейди.
Аммо бой унинг гапини эшитиб, ўғлига аллақачон улфатларининг таъсири бўлганини сезади. Энди оддий гап билан қайтариб бўлмаслигини сезган ота, бир тадбир ўйлаб топади.
Бир куни у ўғлини олмаларни саватга солиш учун ёрдамга чақиради. Олмалар ичида биргина чириган олмани кўрган ўғил уни олиб ташламоқчи бўлиб, қўл чўзганида ота:
– Қўяқол бу зарарсиз, – дейди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, бой яна ўғлини чақиради. Саватдаги олмаларнинг барчаси айниган ҳолатда эканини кўришади. Шунда ўғил отасига ҳайрон бўлиб қарабди. Отаси эса: «Эй фарзандим, сен барча дўстларингнинг таъсиридан қандай қутулмоқчисанки, бир дона олма идишдаги бутун олмаларни мана шундай ҳолга келтирган бўлса?! – дея танбеҳ берибди. Ўғил хатосини англаб, отасидан узр сўрабди.
