Кунлардан бирида ҳайвонот боғидаги ажойиб жонивор ва қушларни томоша қилаётиб, филларнинг ёнидан ўтдим ва шундай катта жонзотнинг олд оёғи билан ингичка арқон билан боғлаб қўйилганига кўзим тушди. На занжир ва на қафас бор. Филлар ипни бемалол узиб кета олса-да, қандайдир сабаб билан бундай қилишмасди. 

Мен шу атрофда ҳайвонларга қараб юрган ходимдан нега шундай улкан ва кучли филлар шунчаки бир жойда туриб, ўзларини озод қилишга уринмаслиги ҳақида сўрадим. У эса менга шундай жавоб қилди: «Филларни болалик чоғида, яъни жуда кичик ва кучсиз бўлган пайтларида худди шундай ип билан боғлаб қўярдик ва ҳозир улғайган чоғларида ҳам шу ингичка ип билан ушлаб тура оламиз. Чунки улар кичик ёшда бу арқонни уза олишмаган ва ҳозир ҳам унга кучи етмаслигига ишонади. Шу сабабли қочиб кетишга уринмайди». 

Бу мен учун жуда қизиқ маълумот бўлди. Ушбу жониворлар истаган пайтида «кишан»дан халос бўлиши мумкин, лекин уддасидан чиқа олмаслигига ишониб, итоаткорликни маъқул кўришар экан.

Худди шу филлар каби орамизда неча-неча одамлар бир сафар муваффақиятга эриша олмагани туфайли ўзига ишончини йўқотади ва иккинчи уринишга жазм эта олмайди. Ваҳоланки, ҳар ким ҳаракатдан, изланишдан, ўз мақсади сари одимлашдан тўхтамаслиги, ҳамиша қайта-қайта уриниб кўришдан чўчимаслиги лозим. Аслида катта-катта муваффақиятларга эришишнинг сири айнан шунда.

Рус тилидан 

Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.