Бир қўшиқ тарихи
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, таниқли режиссёр Мақсуд Юнусов ўзи суратга олаётган «Бобур» видеофилми учун қўшиқ ижро этадиган хонанда излаб юрган кезлари. Бир куни танишларидан бири унга: «Бугун Олтиариқдан «Ёшлар куйлаганда» концерт дастурида қатнашиш учун бир йигит келади. Эшитиб кўринг-чи, балки, сизга маъқул бўлар», – дейди.
Бу хонанда Маъмуржон Тўхтасинов эди. Мақсуд Юнусовга унинг овози ёқиб, қўшиқ қилиш учун Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўнтача шеърини бериб юборади. Шу тариқа «Яхшилиғ» қўшиғи яралади. Бунга ҳам ўттиз беш йил бўлди. Ўзбекистон халқ артисти Маъмуржон Тўхтасинов ижросидаги мазкур қўшиқни элимиз ҳамон жон қулоғи билан тинглайди.
Бунинг боиси, авваламбор, ғазалнинг дардчиллигида, ҳаётийлигида, бадиий мукаммаллигида. Қолаверса, куйнинг сеҳрида ва ҳофизнинг ижро маҳоратида. Зеро, бетакрор овоз соҳиби бўлган санъаткор уни юксак даражада, маромига етказиб куйлаганки, тингласангиз, юраклар сел бўлади.
Менинг назаримда, «Бобур» видеофилмининг 1-қисми бошланишида янграган «Яхшилиғ» қўшиғи бутун бошли картинанинг маъно-мазмунини ўзида мужассам этганидек. Унда буюк шоҳ ва шоир, улуғ ва айни пайтда оддий инсон бўлган Бобурнинг қалб изтироблари ўз ифодасини топган. Умр бўйи чеккан машаққатларига, кўрган ёмонликларига қарамай шоир шундай даъват этади:
Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Шу ўринда озроқ лирик чекиниш қилсак. Ҳофизимизга бундай исм қўйилишининг ҳам ўзига яраша тарихи бор. Айтишларича, у ҳали онасининг қорнидалигидаёқ отаси Маъмуржон Узоқовдан «Фарзанд кутяпмиз. Ўғил туғилса, унга исмингизни қўйсам майлими?» – деб изн сўрайди. Машҳур ҳофиз розилик беради.
Халқаро Бобур мукофоти соҳиби Маъмуржон Тўхтасиновнинг «Яхшилиғ» қўшиғини бугунги кунда унинг ўғиллари, шогирдлари куйлашмоқда. Зеро, умрбоқий қўшиқлар аждодлардан авлодларга ўтиб бораверади, уларнинг сеҳру таровати, таъсир кучи йиллар, ҳатто асрлар ўца ҳам асло йўқолмайди.
Бобомурод ТОШЕВ тайёрлади.
* * *
Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.
Бу замонни нафъи қилсам, айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.
Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.
Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ёмонлиғ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не яъни ҳар ёмондин яхшилиғ.
Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрубтур, эй кўнгул,
аҳли жаҳондин яхшилиғ.
Заҳириддин Муҳаммад БОБУР
