Атоқли ўзбек шоири, академик Ғафур Ғулом 1903 йил 10 майда Тошкентнинг Қўрғонтеги маҳалласида туғилган. Ота-онадан эрта етим қолиб, сингилларини боқиш унинг зиммасига тушган. Жадид мактабларида таҳсил олган. “Чор девон”, “Ҳафтияк”, Яссавий асарларини мутолаа қилган. Ижодни шеър билан бошлаган бўлса-да, халққа фелъэтончи, публисист, ҳажвий ҳикоянавис сифатида танилган.
Ўттизинчи йиллар Ғафур Ғулом ижодининг авжи ширага тўлган пайти бўлган. Адабиётнинг деярли барча журналларида тўхтовсиз асарлари босилиб чиққан. Ғафур Ғуломнинг шундай одати бўлган экан: газетада ҳикояси босилиб чиққан куни, албатта, эски шаҳар расталарини, гузарларни айланиб ҳикояси одамларга қандай таъсир қилганини билгиси келар экан. Бу пайтларда ёзувчи кулги ҳикоялари устаси сифатида 1932 йил “Нетай” қиссасини ёзган бўлса, “Соялар” ҳикояси орқали инсондаги кучли психологик ҳолатларни тасвирлашга ҳам ниҳоятда уста эканлигини яққол намоён қилган. Ижод уммонига шўнғиган адиб ҳамманинг оғзига тушган “Кўкан” достонидан кейин “Икки васиқа”, “Тўй” номли достонларини, ундан сўнг эса ўнлаб ҳикоя (“Йигит”, “Кулги ҳикоялари”), очерк, фелъэтонлари чоп этилди. 1936 йилга келиб эса иккита йирик қисса – “Ёдгор” ва машҳур “Шум бола” (дастлабки номи “Довдираш”)ни эълон қилди. “Ёдгор”қиссаси “Гулистон” журналида, “Шум бола”нинг саргузаштлари эса “Муштум” журналида нашр этила бошлаган. Ёзувчининг “Шум бола” асари ҳали ёзиб тугалланмасданоқ чоп этила бошлаган ва Ғафур Ғулом бу асари устида йигирма беш йил ишлаган. 1936 йилда қиссанинг биринчи ва иккинчи қисмлари, қирқинчи йилларнинг охирида учинчи қисми тугатилган. Олтмишинчи йилларнинг бошларида қайта таҳрир қилинган.
Олтмишинчи йилларнинг ўрталарида “Гилос данагидан тасбеҳ” тўпламидаги ҳажвий ҳикоялари машҳурлик чўққисига эришди. Шундан “Қизалоқ” (1928), умрининг сўнгги йилларида ёзилган охирги асари “Менинг ўғригина болам” (1965) ҳам жой олган. Адибнинг “Шум бола” ҳамда “Менинг ўғригина болам” асари ёзувчига нисбатан автобиографик асар дея баҳоланади.
Ғафур Ғулом насрий услубига хос ҳажвий халқона оҳанг “Ҳасан Кайфий” (1965), “Афанди ўлмайдиган бўлди” (1965) ҳикояларида яққол кўзга ташланади.
Ҳар қандай ўткир шоирнинг ҳам ҳамма ёзган яхши, аъло шеърлари орасида унинг бутун ижодий кучини, санъаткорлик чўққисини белгилаб берадиган шоҳ асарлари бўлади. Ғафур Ғуломнинг ана шундай асарлари бу “Турксиб йўлларида”, “Соғиниш”, “Сен етим эмассан”, “Вақт”, “Қозоқ элининг тўйи” ва “Алишер” каби шеърларидир.
Ғафур Ғулом асарлари асосида театр спектакллари ва кинофилъмлар яратилган. Адиб жаҳон ва рус адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима килган.
1966 йил 10 июлда Тошкентда вафот этган. 2000 йил “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
Адолат ФАЙЗИЭВА тайёрлади.
