Халқимизнинг севимли актёри Эркин Комилов 1946 йил 20 июлда Андижон вилоятида туғилган.
1968 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган (). 1966 йилдан Ҳамза (Ўзбек миллий академик драма театри) театрида актёр. У ижро этган Қиличбек ("Олтин девор"), Қобилжон ("Самандар"), Ибн Сино ("Беруний"), Карл Моор ("Қароқчилар"), Жевакин ("Уйланиш"), Глумов ("Ҳар тўкисда бир айб"), Мясников ("Қатағон"), ал-Зокир ("Пири Коинот"), Боязид ("Соҳибқирон Темур"), Икром ("Уфқ"), Албени ("Қирол Лир"), Абулфайзхон ("Абулфайзхон"), Ортиқ ("Ноёб нусха"), Маннон Уйғур ("Томоша давом етади"), Гаррисон ("Етти фарёд") ва бошқа образлари ўзига хослиги билан ажралиб туради. Шу боис томошабинлар меҳрини қозонган.
Рол ўйнашда яхшилик, табиийлик, қаҳрамоннинг ҳиссиёт ва кечинмаларининг мураккаб мажмуини бера олиш, актёр сийратидаги жиловланган куч, зиёлилик, ички маданиятнинг жўш уриши Эркин Комилов ижодига хос ноёб хусусиятлардан.
Э. Комилов кинода ҳам бир қанча образлар яратган. Жумладан, Бегимқул ("Юзсиз"), Йўлдош ("Севги"), Муслим ("Ўтган кунлар"), Валихўжа эшон ("Амирнинг хуфёна юриши"), Ҳуррам ("Тилла бола"), Боязид Йилдирим ("Амир Тимур"), Қурбонов ("Учишга рухсат етинг"), Довженко киностудиясида "Юлдуз шуъласи" филмида Эргаш Собиров ва бошқа видео ҳамда телефилмларда Азиз Қосимов ("Гирдоб"), Султонмурод ("Алишер Навоий"), Ҳайдар ("Диёнат"), Абдураҳим Саидов ("Ёз ёмғири"), Чарлз Фористер ("Қора карвон"), Бачана ("Абадият қонуни"), Абдужаббор ("Қора кўзлар"), Маёр Салиҳов ("Сўнгги ўқ"), Ҳайдар (Кесак полвон) ("Шайтанат"), Шокир ота ("Еттинчи фалакдан келган овоз") каби роллари халқимиз қалбидан чуқур жой олган.
Бундан ташқари, "Оталар сўзи – ақлнинг кўзи" кўрсатувида 100 дан ортиқ тарбиявий аҳамиятга эга роллар ижро этган, 500 дан ортиқ филм (айниқса, мултфилм, эртак-филмлар)ни дубляж қилишда қатнашган.
