Санъат оламини унинг юлдузларисиз тасаввур қилиш қийин, албатта. Зеро уларнинг шон-шуҳрат ва машҳурлик чўққисига чиққунча чеккан заҳматлари мухлисларда ҳаётга қизиқиш ҳиссини оширади ҳамда юлдузнинг сирли олами томон етаклайди.
Ўзбек санъатининг ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган халқимизнинг севимли фарзанди, истеъдодли актёр Теша Мўминов санъат оламининг ана шундай ёрқин юлдузларидан бири. У 1949-йил 25-ноябр Бухоро шаҳрида таваллуд топган. 1970-йил Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1968-йилдан ҳозирги кунга қадар Ўзбек миллий академик драма театри актёри сифатида самарали ижод қилиб келмоқда.
«Ажал минораси» (А.Дюма)даги Орсиний Мўминовнинг саҳнада яратган илк йирик образидир. Театр саҳнасида Девона (М.Карим, «Ой тутилган тунда»), Ғофир (Ҳамза, «Бой ила хизматчи»), Йўлчи (Ойбек, «Кутлуғ қон»), Кориолон (У.Шекспир, «Кориолон»), Қор одам (Т.Юнусов, «Қор одам»), Шайтон (С.Имомов, «Шайтон ва фаришта»), Шох Маъмун (Х.Расул, «Пири Коинот»), Шпигелберг, Гримм (Ф.Шиллер, «Карокчилар»), Пири зиндоний (М.Шайхзода, «М.Улуғбек»), Турдивой (Уйғун, И.Султон, «А.Навоий»), Сохибқирон (А.Орипов, «Сохибқирон Амир Темур»), Жўра Азим («Бир қадам йўл») каби роллари билан танилди. Айниқса, Пири Зиндоний, Шпигелъберг, Девона, Ғафур, Йўлчи, Кориолан, Жўра образлари унинг фақатгина ижодий биографиясини бойитибгина қолмай, балки актёр сифатида шаклланишида ҳам муҳим аҳамият касб этган.
Теша Мўминов видео ва телевизион филъмларда ҳам ўзига хос эсда қоларли образлар яратди. У дубляж санъатида ҳам самарали ижод қилади. Мамлакатимиздаги тантаналар ва байрамларнинг фаол иштирокчиси. Театр жамоаси орасида обрў-эътибори баланд. Кўплаб учрашувлар ва гастролларда беминнат хизмати туфайли томошабинларнинг олқиши ва ҳурматига сазовор бўлган.
Халқимизнинг севимли санъаткори 1992-йил «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони, 2019-йил эса «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган.
Шерзод Абдусамадов тайёрлади.
