Ўзбек фантастикасининг асосчиларидан бири бўлган Тоҳир Малик (Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) 1946-йил 27-декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 

1969-йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тамомлаган адибнинг биринчи йирик асари – “Ҳикмат афандининг ўлими”. Шунингдек, “Заҳарли ғубор”, “Фалак”, “Сомон йўли элчилари”, “Чорраҳада қолган одамлар”, “Бир кўча, бир кеча”, “Алвидо, болалик”, “Сўнгги ўқ”, “Ов” каби илмий-фантастик ва саргузашт қиссалари машҳур.

“Шайтанат” романи ёзувчининг йирик асарларидан бири. Асар асосида кўп серияли телефилм яратилган. Шунингдек, “Жиноятнинг узун йўли” илмий-таҳлилий рисоласи, “Меҳмон туйғулар” номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўплами ҳам ўқувчиларга яхши таниш. Унинг “Амир Темур даври адабиёти”, “Варахша”, “Унвони инсон”, “Соҳилсиз денгиз”, “Зулмат салтанати”, “Моштабиб” (2002) ссенарийлари асосида ҳужжатли филмлар ишланган.

Рус ёзувчиси Ф. М. Достоевскийнинг “Маъсума” қиссасини, шунингдек, жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Адибнинг Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида педагог сифатида фаолият юритганини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.

Тоҳир Маликнинг маънавият ва тарбия масалаларига бағишланган “Одамийлик мулки” асаридаги ҳикматли сўзлар аллақачон одамлар қалбидан жой олган.

*Ақл – бамисоли йўл кўрсатувчи насиҳатгўй. Адолат эса ақл кўрсатмасини бажарувчи куч. 

*Ғазаб – бамисоли овчи ит. У нафс истагидаги ҳаяжон билан эмас, балки битта ишора билан тўхташ даражасида тарбияга муҳтож. Шаҳват эса бамисоли овга миниладиган от. У баъзан тарбия кўрган, ювош. Баъзан эса асов ва қайсар.