Тоҳир Малик (Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) 1946 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбек фантастикасининг асосчиларидан бири. Тошкент университетининг журналистика факултетини тамомлаган (1969). Биринчи йирик асари – «Ҳикмат афандининг ўлими». Адибнинг «Заҳарли ғубор», «Фалак», «Сомон йўли элчилари», «Чорраҳада қолган одамлар», «Бир кўча, бир кеча», «Алвидо, болалик», «Сўнгги ўқ», «Ов» каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машҳур. «Шайтанат» романи (1-китоб, 1992; 2-китоб, 1995; 3-китоб, 1997; 4-китоб, 2000) ёзувчининг йирик асарларидандир. Асар асосида кўп серияли телефилм яратилган. «Жиноятнинг узун йўли» илмий-таҳлилий рисоласи, «Меҳмон туйғулар» номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўплами ҳам бор. Унинг «Амир Темур даври адабиёти», «Варахша», «Унвони инсон», «Соҳилсиз денгиз», «Зулмат салтанати», «Моштабиб» сценарийлари асосида ҳужжатли филмлар ишланган.
Рус ёзувчиси Ф. Достоевскийнинг «Маъсума» қиссасини, шунингдек, жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Тоҳир Малик 2019 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Тоҳир Малик ўзининг баракали ижоди ва ибратга тўла ҳаётини ўсиб келаётган ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг маънавий-ахлоқий камолотига бағишлади. Унинг асарларида одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат ва одамийлик фазилатлари тарғиб қилинган. Ёзувчи ижодидаги ғоялар китобхонни жамият иллатларидан огоҳ бўлишга, инсон руҳиятидаги баъзи қусурлардан халос бўлишга чорлайди.
Севимли ёзувчимиз умрининг сўнгига қадар она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилди. ИИВ Академиясининг Тилларни ўрганиш кафедрасида курсантларга сабоқ бериш баробарида, ёшларни адабиётга ошно этиш, юртга дахлдорлик ҳисси билан яшаш, халқимизга муҳаббат ва садоқат билан хизмат қилишга ундаб келди.
