Халқимизнинг севимли шоири Эшқобил Шукур 1962 йил 20 июлда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган.
Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факултетида таҳсил олган.
Ўзбекистон телевидениеси муҳаррири, «Саодат» журнали бош муҳаррири ўринбосари, Давлат матбуот қўмитаси бош муҳаррири вазифаларида ишлаган. «Маънавий ҳаёт» журнали бош муҳаррири лавозимида хизмат қилади.
Эшқобил Шукур «Қадимги битиктошларга ёзувлар», «Менгим момонинг йўқлови» сингари дастлабки шеърлари биланоқ тилга тушган. «Юракни ўрганиш», «Сочлари сумбул-сумбул», «Тунги гуллар», «Яшил қушлар», «Хамал айвони», «Кўз юмиб кўрганларим» каби шерий китобларини ўқувчилар яхши билади.
Ижодкор «Кўҳна боғ ривоятлари», «Оқибат оқшоми», «Падаркуш» каби насрий асарлар ҳамда «Ибтидо хатоси», «Нақшбанд» номли драматик достонлар, «Лаҳза синиқлари», «Насойим-ул муҳаббатга сайр» туркумлари, «Дунёнинг кўчиши», «Қўриқхонада», «Пул санаётган одам» каби қисса ва ҳикоялар ҳамда «Бобосўз изидан» номли тилимиз тарихи ва тадрижига бағишланган китоблар муаллифи ҳамдир.
Эшқобил Шукур 2013 йил «Эътироф» мукофоти соҳиби, 2016 йил «Олтин қалам» халқаро миллий мукофоти танлови ғолиби бўлди. Шунингдек, серқирра ижодкор 2016 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган туркий тилли адиблар анжуманида «Туркий тиллар шарафи» мукофотига сазовор бўлган.
Дарёлар уйғонди кўнглимда менинг,
Ўн икки ой эрир қўлимда менинг,
Пирлар пайдо бўлди ўнгимда менинг,
Мен энди дунёни нетарман?..
Ўйнабман юракни урганча тошга,
Учиб киргандайман мен ўттиз ёшга,
Ишонинг, мен энди бошқаман, бошқа,
Бу ёлғон савдони нетарман?..
Давлату зар сизга, дунёлар сизга,
Ер остига кетган даҳолар бизга,
Дил ишққа айланди, ўзим юлдузга,
Бу ўлик саҳрони нетарман?..
Олов қушлар учди тилимдан менинг,
Рубоб ясанг энди қўлимдан менинг,
Қарзим ҳам қолмади ўлимдан менинг,
Бу ўтар дунёни нетарман?..
