Маънавият ва маърифат дарси
Америка — сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,
Денгиз ортин ёритди илк бор,
Берунийнинг ақл машъали.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов мазкур тўртлигида она юртимизнинг асл фарзанди улуғ аллома Абу Райҳон Берунийнинг нақадар кучли истеъдод соҳиби эканлигига ишора қилган. Беруний асарларини мутолаа қилган ҳар бир китобхон худди ўзини ушбу асарлар сеҳри остига тушиб қолгандек ҳис қилиб, ундаги илм сирларидан баҳра олади.
Қомусий олим Муҳаммад ибн Аҳмад Абу Райҳон Беруний 973-йилнинг 4-сентабр куни қадимги Хоразмнинг Кат шаҳрида таваллуд топган. У ўзининг тинимсиз изланишлари туфайли кўҳна диёр илм фанининг юксак чўққиларини забт этади. Ул зот сиймосида ўрта асрлар шарқининг астрономи, географи, маъданшуноси, этнографи, тарихчиси ҳамда шоири мужассамлашган эди. Унинг илмий саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, фаннинг турли соҳаларига оид жуда кўплаб йирик асарлар яратилди.
Беруний Абу Наср Ироқ раҳбарлигида ёшлигидан риёзиёт ва фалакиётни ўрганиб, 16–17 ёшларидаёқ, Қуёшнинг чошгоҳдаги баландлигини армилада ўлчаган. Орадан 30 йил ўтиб, ёшлигида ўзи ўлчаган натижаларни таҳлил қилар экан, улар анчагина ишончли бўлганлигини таъкидлайди. Ёшлик йилларида қуёш тутилишини ҳам кузатишга муяссар бўлади. У 22 ёшида Марказий Осиёда биринчи бўлиб, глобусни ихтиро қилди.
Аждодлар қолдириб кетган кўплаб китобларни ўрганди ва бизгача етиб келган, турли халқларнинг йил ҳисоблари тўғрисидаги илк йирик асари – «Осорул боқия» (Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар)ни битади. Унга кўра, юнонлар, римликлар, форслар, суғдийлар, хоразмийлар ва бошқа кўплаб қабила ва халқларнинг ўтмиши, байрам ва тақвимлари, шунингдек, шарқ мамлакатларининг маданият ва адабиёт тарихи тўла-тўкис талқин этилган. Ушбу асарда Беруний ўзини нафақат элшунос олим балки араб, юнон, форс, сурёний ва бошқа тиллар ҳамда адабиётларнинг билимдони сифатида ҳам намоён этади.
Абу Райҳон Берунийнинг устози Абу Наср ибн Ироқ ўз даврининг етук билимдони эди. Тириклигидаёқ «ўз даврининг Птолемейи» деган номга сазовор бўлган олим Берунийни ўз хонадонида тарбиялаб вояга етказди. Ана шу икки буюк сиймо туфайли Гурганч саройида илм аҳли учун барча шароитлар яратилди. Яқин ва ўрта шарқдаги кўплаб олимлар билан шахсий ёзишмада бўлган Ибн Ироқ ва Берунийнинг таклифларига биноан, 1004-йилдан бошлаб, Нишопур, Балх ва Бухородан ҳатто араб ва Ироқдан ҳам олимлар Гурганчга кела бошлади. Шу тариқа, Гурганчда «Дорул ҳикма», яъни «Донишмандлар уйи» номини олган илмий муассаса пайдо бўлди. Унда худди Бағдодда барпо этилган «Байтул ҳикма»даги каби илмнинг барча соҳаларида тадқиқот ва изланишлар олиб борилди. Беруний келтирган маълумотларга кўра, у ерда сурён ва юнон тилларидан баъзи таржималар ҳам бажарилган.
Али ибн Маъмун вафотидан сўнг (1009) унинг укаси Абул Аббос Маъмун ибн Маъмун Хоразмшоҳлар ҳукмдори бўлди. У Берунийни саройга таклиф қилиб, ўзига энг яқин маслаҳатчи этиб тайинлади. Натижада Маъмун академияси фаолияти учун янада кенг имкониятлар эшиги очилди.
Қирқдан ортиқ олимлар фаолият юритган илмий марказда ўз даврининг етук инсонлари математика, астрономия, руҳият, кимё, мантиқ, тиббиёт, фалсафа, тарих, тилшунослик, таълим-тарбия, адабиёт, мусиқа, география, геодезия, топография ва механика сингари турли фанлар билан шуғулланиб, уларнинг келажакдаги тараққиётига мустаҳкам замин яратилди.
Аммо ушбу академиянинг фаолияти узоққа чўзилмади. 1017-йилда Хоразм йирик истилочи Султон Маҳмуд Ғазнавий қўл остига ўтди. Хоразмшоҳнинг қатъий талаби ва кўмаги билан Гурганчдан юнон, яҳудий, араб ва бошқа халқларнинг вакилларидан иборат кичик илмий карвон Абу Али ибн Сино бошчилигида чиқиб кетади. Султон Маҳмуд шаҳарда қолган олимларнинг баъзиларини даҳрийликда айблаб қатл эттиради, қолган машҳур олимларни ўз мамлакатининг пойтахти Ғазна шаҳрига олиб келади. У ерда Беруний «Ҳиндистон тарихи» асарини ҳамда 1025-йилда «Геодезия», 1030–1041-йиллар оралиғида эса «Ал-қонун ал-Масъудий», 1041–1048-йилларда «Минералогия» ҳамда «Китоб ас-сайдана фит-тибб» асарларини яратади. Олим томонидан 152 та рисола яратилиб, шундан 30 таси бизгача етиб келган.
Таъкидлаш жоизки, Абу Райҳон Беруний бундан минг йил олдин Ҳиндистонда бўлиб, унинг тарихи, маданиятини ўрганиш учун қадимги ҳинд ёзуви – санскритни ўрганиб, ўзининг машҳур «Ҳиндистон» асарини ёзди. Мазкур асарда ҳинд адабиёти, фалсафаси, аниқ фанлар, география, элшунослик, қонун ва урф-одатлар, дин, тарихий-диний ривоятлар ҳамда ҳинд ёзувининг турлари ҳақида маълумотлар келтирилган.
Илм-фаннинг ҳамма соҳаларини яхши билган қомусий олимнинг Ибн Сино билан ёзишмаларида ҳам фазо, иссиқликнинг тарқалиши, жисмларнинг иссиқдан кенгайиши ҳамда нурнинг акс этиши ва синиши каби масалаларда илмий мунозара олиб борган.
1048-йилда Ғазна шаҳрида вафот этган буюк аждодимизнинг номини абадийлаштириш мақсадида юртимиздаги кўплаб илмий марказлар, марказий кўчалар ҳамда шаҳар ва қишлоқларга унинг номи берилди. Бобокалонимиз таваллудининг 1050 йиллигини кенг нишонлаш бўйича ўтган йилнинг август ойида давлатимиз раҳбарининг қарори ҳам қабул қилиниб, унга кўра, 2022–2023-йилларда буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсда кенг нишонланиши кўрсатиб ўтилди.
Унга мувофиқ, «Буюк Беруний мероси» халқаро сайёҳлик маршрутларини йўлга қўйиш, жорий йил якунига қадар, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида Абу Райҳон Беруний мажмуасини қуриш, аллома илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш ҳамда Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими ва Хоразм Маъмун академиясида маданий мерос обектларини реставрация қилиш ва консервация қилишга ихтисослашган лаборатория ташкил этиш кўзда тутилди.
Шунингдек, қарор доирасида ўқувчилар ўртасида Хоразм вилоятида тегишли фан бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадасини ўтказиш, шу номдаги халқаро мукофот таъсис этиш ҳамда алломанинг тўлиқ асарлари туркумини ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, араб ва форс тилларида нашр этиш ва бошқа бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Бу жонажон юртимизда буюк аждодларимизга бўлган ҳурмат-эътибор ва қадр-қимматнинг юксак ифодасидир.
Михли САФАРОВ,
«Постда» мухбири.
