Шоирнинг «Интизор», «Сайқал», «Ҳамқишлоқларим», «Қоракўзгинам», «Жаҳонгашта», «Сенсиз ёлғиз, ғариб бўлдим», «Жаҳоннома», «Илтижо» каби кўплаб китоблари адабиёт ихлосмандларига яхши таниш. Унинг бир қанча шеърлари санъаткорлар томонидан қўшиқ қилиб куйланган, ўз даврининг машҳур қўшиқларига айланган. Айниқса, «Гул бир ён, чаман бир ён» шеърини (халқ орасида «Чаман ичинда бир гул» деб ҳам номланади) тожикистонлик таниқли ҳофиз Абдурауф Олимов 1986-йили маромига етказиб куйлаган.
Санъаткор 1985-йили Гулистон шаҳрида қизиқчи Ҳожибой Тожибоев билан бирга консерт дастури намойиш этади. Томошабинлар орасида шоир Тўра Сулаймон ҳам бор эди.
Консерт тугаганидан кейин шоир икки санъаткорни уйига таклиф қилади. «Гул бир ён, чаман бир ён» шеъри киритилган тўпламига дастхат ёзиб, уларга совға қилади. Китобни варақлаган Абдурауф Олимовга айнан шу шеър жуда маъқул келади. Унга куй басталаб, қўшиқ қилади.
Қўшиқни илк маротаба тўйда ижро этганида, мухлислар илиқ кутиб олади. 1986-йили Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси студиясида ёзиб олинади. Эфирга узатилганидан кейин тез орада Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги тингловчилар орасида оммалашади. Кейинчалик радионинг олтин фондига киритилади. Шу-шу, «Гул бир ён, чаман бир ён» қўшиғи Абдурауф Олимовнинг ташриф қоғозига айланади.
Сўнгги йилларда бир қанча хонандалар мазкур қўшиқни кавер йўналишида ҳам куйлаб кўришди. Лекин мухлислар учун биринчи ижро асл ижро бўлиб қолаверди.
ГУЛ БИР ЁН, ЧАМАН БИР ЁН
(Қўшиқ варианти)
Чаман ичинда бир гул, гул бир ён, чаман бир ён,
Сарви Санобармидир – соч бир ён, суман бир ён,
Саҳар, субҳи содиқда мушк бир ён, мужгон бир ён,
Тун пардасин торца гар, ой бир ён, осмон бир ён.
Ўсган боғига олқов, ўстирган боғбонига,
Хавфу хатардан сақлаб келган соябонига.
Андалиб қўнар, зоғлар қўнолмас бўстонига,
Мақтовига мен бир ён, борлиқ сухандон бир ён.
Бу оламда Ой танҳо, муборак Қуёш танҳо,
Бўй қизларнинг ичинда шу бир эгма қош танҳо,
Унингдек ҳеч ким менга бўлмаса сирдош танҳо,
Гўрўғли султон бир ён, Тўра Сулаймон бир ён.
Адолат ФАЙЗИЕВА.
