Ўз келажагини фаровон, тинч кўришни хоҳлайдиган ҳар бир шахс ўз истиқболини олдиндан режалаштиради, бунинг учун тегишли устуворликлар, мақсад ва вазифаларни белгилаб олади. Бугун келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳар қандай давлат ҳам фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш учун уларнинг фаровонлигини кўзлаб ўз олдига муайян устувор йўналишларни, мақсад ва вазифаларни қўяди.
Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги фармонида акс этган инсонпарварлик сиёсати, «инсон қадри учун» тамойили ижроси йўлидаги дадил қадамлар, яқин келажакда амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотлар, аниқ мақсад ва вазифалар халқимиз ҳаётига янгича мазмун бахш этиши билан аҳамиятлидир.
Халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, камбағалликни қисқартириш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, таълим сифатини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, қисқа қилиб айтганда, жамиятдаги барча соҳаларни Янги Ўзбекистонга мос равишда янги босқичга олиб чиқишни ўзида мужассам этган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Президент фармони мамлакатимизни келгусида ривожлантиришнинг муҳим аҳамиятга молик дастуриламал ҳужжатидир.
Айтиш жоизки, дастур ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга хизмат қилади.
Давлат дастури 5 та йўналиш, 100 мақсаддан иборат бўлиб, ушбу мақсадларга эришиш учун 400 дан ортиқ вазифани амалга ошириш кўзда тутилган. Халқ билан очиқ мулоқот натижалари асосида тайёрланган ушбу ҳужжатнинг пировард мақсади барча соҳаларни ривожлантириш орқали халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишни ўз ичига олган.
Хусусан, унда 2024-йил 1-мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида бўлган хорижий тиллар бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва «Заковат» интеллектуал ўйинларини юқори савияда ташкил этиш, шунингдек, касблар танловларини ўтказиш ва унда ғолиб бўлган ёшларни ўз ҳудудларида жиҳозланган устахоналар билан таъминлаш, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизини ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтириш,
2024-йил 1-июндан бошлаб «Ёш тадбиркор» танловларини ўтказиб бориш бўйича вазифалар белгиланган.
Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг билимларни баҳолаш тизимини қўшимча мингта умумий ўрта таълим муассасасида жорий қилиш ва фанлардаги амалий машғулотлар улушини 60 фоизгача ошириш, шу билан бирга, 7,5 минг нафар ёшни замонавий касбларга ўқитиш, халқаро имтиҳон тизимларида чет тиллари бўйича юқори балл олган 6 минг нафар ёшнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилишини таъминлаш,
2024-йил 1-сентабрдан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилиши таълим сифати ва самарадорлиги янада ошишига хизмат қилади.
Шунингдек, дастурда 6,7 миллион нафар 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида юрак-қон томир, қандли диабет, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари хавфини аниқлаш бўйича профилактик кўриклар ташкил этиш, 10 миллион нафар аҳолини югуриш, футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, миллий ва белбоғли кураш каби спорт турлари бўйича марафон ва мусобақаларни ташкил этиш орқали оммавий спортга жалб қилиш чоралари кўрилиши назарда тутилган.
Аҳолига бирламчи тиббий хизматларни яқинлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024-йил якунига қадар вилоятлар марказларида камида биттадан оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспислар ташкил этилиш, 2024-йил 1-сентабрдан бошлаб пенсия тайинлашда бир вақтнинг ўзида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варағидаги пулни олиш билан боғлиқ ҳаракатларни проактив тарзда амалга ошириш, ногиронликни белгилашда ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган имтиёзлар тўғрисида хабардор қилиш тартиби жорий этилиши ҳам аҳоли манфаатларини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол намунасидир.
Дастурда 2024-йилда ЯИМ ўсиш суръатининг 6 фоиздан кам бўлмаган даражада бўлишини, инвестициялар эса ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан камида 30 фоиз бўлишини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида қиймати 18 миллиард доллар бўлган 309 та йирик лойиҳани ишга тушириш, йиллик инфляция даражаси 9 фоизгача бўлишини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларига 275 триллион сўм кредит ресурсларини йўналтириш, 41 триллион сўмлик микромолия хизматлари кўрсатиш ҳамда банклар томонидан тақдим этиладиган кредит ставкаларини бозор механизмлари асосида 2–3 фоиз пасайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб қўйилди.
Аҳолининг қулай табиий муҳитга эга бўлиши учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида 2024-йил 1-мартдан бошлаб ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда ушбу жараёндан аҳолини доимий хабардор қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш, ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этиш лозимлиги белгиланди.
Шунингдек, 2024-йилда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 миллион туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда буталар кўчатларини экиш, 444 та яшил боғлар барпо этиш, сув исрофини камайтириш мақсадида 1,5 минг километр йирик каналларни бетонлаш ишларини якунига етказиш бўйича чоралар кўрилади.
Бундан ташқари, Қуролли Кучлар, соҳага масъул бошқа вазирлик ва идораларнинг киберхавфсизлик ҳамда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш бўйича салоҳиятини кескин ошириш мақсадида киберхавфсизлик инфратузилмасининг муҳим элементлари ҳисобланувчи ахборот тизимлари аттестацияси ва экспертизаси учун ҳар бир вазирлик ва идорада масъул шахслар жавобгарлиги белгиланмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур давлат дастурида назарда тутилган мақсадларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бугунги ҳаётидан мамнун бўлиб, юрт тараққиёти ва ривожига ўзида дахлдорлик ҳиссини туйиб яшашига хизмат қилади. Зеро, ислоҳотлар ҳар биримизнинг амалий ишимизга айланган тақдирдагина муваффақият қозонамиз.
Азизжон ФАЙЗИЕВ,
подполковник.
