«Чироғинг ўчганда, дўст-ку дўст, ҳатто
Кўчангдан учмайди парвоналар ҳам...»
Сохта дўстлар ва хушомадгўйларга кўзгу тутувчи бу ҳаётий мисралар асосида яратилган қўшиқни тингласангиз, сизга бегона бўлмаган тақдир чизгилари қоғозда жилваланиб турганидан ҳайратга тушасиз.
Шоир Шамсиддин Садоийнинг «Давлатинг борида...» шеърини ҳақли равишда муаллифга ҳам, ижрочига ҳам шон-шуҳрат олиб келган ноёб асарлар сирасига киритиш мумкин.
– 2001 йил бу шеър Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳайдаровга шоир Шамсиддин Садоий томонидан берилади, – дея хотирлайди Нуриддин Ҳайдаровнинг шогирди, узоқ йиллар ички ишлар органларида фаолият юритган хонанда, истеъфодаги капитан Муҳиддин Обилов. – Устоз ўша пайтда Тошкент шаҳар ИИББ Маънавият маркази раҳбари лавозимида хизмат қиларди. Табиийки, шеър Нуриддин акага манзур бўлганди. Унинг яқин ҳаммаслакларидан бири Абдусалом Қўзибоев ҳам бу ғояни қўллаб-қувватлайди. Шу ўринда истеъдодли бастакор Муҳаммаджон Мараҳимов ушбу қўшиққа маҳорат билан куй басталаганини алоҳида эътироф этиш лозим...
Матн, мусиқа ва ижро. Бу учлик мукаммал бўлгандагина халқнинг кўнглидан жой олиши, шубҳасиз. Юракдан айтилган сўз юракка боради, деганларидек, 2003 йилда, қўшиқ илк маротаба телевидение орқали намойиш этилгандан сўнг халқ орасида жуда оммалашиб кетади.
2003 йилда пойтахтимиздаги муҳташам «Халқлар дўстлиги» санъат саройида элимизнинг севимли санъаткори, узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали хизмат қилган подполковник Нуриддин Ҳайдаровнинг сўнгги концерт дастури бўлиб ўтади. «Давлатинг борида» деб номланган санъат байрамида мазкур қўшиқ ижро этилгач, бутун зал оёққа қалқади. Қарсаклар овози қарийб ярим соат тинмайди...
Ўзбекистон халқ артисти Н. Ҳайдаров ички ишлар органларидаги хизмат фаолияти давомида ходимларни касбга муҳаббат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшди. Ички ишлар вазирлиги миқёсида ўтказилган барча тадбирлар Н. Ҳайдаров иштирокида файзли ўтганини алоҳида эътироф этиш лозим. У қандай тадбир бўлишидан қатъи назар, барчасига жиддий тайёргарлик кўрар ва жонли ўтишини таъминларди. Ходимлар ушбу маънавият масканига ташриф буюрар экан, чин маънода маданий ҳордиқ чиқариб кетиши зарурлигини доимо уқтирарди.
Бугунги кунда унинг шарафли касбини кўплаб шогирдлари садоқат билан давом эттириб келмоқда. Орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамасдан, у ижро этган қўшиқлар ходимларнинг, қолаверса, ёшларнинг ватанпарварлик руҳида камол топишида ҳамон ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шу боис бугунги кунда ҳам осойишталик посбонлари севимли санъаткорининг қўшиқларини соғиниб, уни доимо ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олади.
* * *
Давлатинг борида, авжинг зўрида,
Йўқлаб келар ҳатто бегоналар ҳам.
Давлатинг йўғида, бахтинг шўрида,
Саломинг олмайди девоналар ҳам.
Давлатинг борида, уйинг тўрида,
Оёғинг ўпарлар мастоналар ҳам.
Чироғинг ўчганда, дўст-ку дўст, ҳатто
Кўчангдан учмайди парвоналар ҳам.
Омад осмонидан тушса юлдузинг,
Баҳор, ёзинг ўтиб, келса гар кузинг.
Қўлингни ўпганлар кўмарлар изинг,
Устингдан куларлар ҳайроналар ҳам.
Бўйнингга илсанг ҳам гадо тўрвасин,
Ичмагил нокаснинг ёғли шўрвасин.
Оллоҳимдан сўра, бергай барчасин,
Тиллога айлангай остоналар ҳам.
Кеча ёнгинамда юргандинг яйраб,
Кўзим ойнасида сочларинг тараб.
Бу кун изларингдан қолдим-ку қараб,
Демак, рост экан-да, афсоналар ҳам.
Юлдуздай бир ёндим, ўчарман, жоним,
Ҳижрон йўқ жойларга кўчарман, жоним.
Садоийдан ёдгор сенга бу қабрим,
Сарғайган дафтарим, тароналар ҳам...
Шамсиддин САДОИЙ
