Туркман миллатига мансуб бўлган А.Пшиевнинг отаси Дадебай Пшиев мутахассислиги бўйича иқтисодчи бўлиб, узоқ йиллар давомида қилган савобли ишлари сабаб ушбу ҳудуд аҳолиси уни ҳалигача ижобий хотирлайди. У турмуш ўртоғи Жумагул Омондурдиева билан 5 ўғил ва 2 нафар қизни тарбиялаб, уларни меҳнацевар ва илмли бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратди.
Бугунги кунда мазкур кўп миллатли байналмилал оила бошлиғи Ж.Омондурдиева
16 нафар набира, 1 нафар эваранинг суюкли бувисидир. Невараларнинг бир нечтаси оилавий касбни давом эттириб, ўқитувчи ва шифокорлик касбини танлаган.
Мақоламиз қаҳрамони 2007-йилда Ўзбекистон ИИВ Академиясининг Сержантлар тайёрлаш Олий курсига ўқишга кириб, дастлабки фаолиятини Қўнғирот туман ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизматида взвод командири лавозимида бошлайди. Кейинчалик, Қораўзак туман ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, ҲПБ бошлиғи, Амударё туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаб, ҳозирги пайтда Беруний туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимида хизмат қилиб келмоқда.
Шунингдек, у турмуш ўртоғи Назокат Хидирбоева билан Муратбек, Юлдуз ва Имона исмли фарзандларни тарбиялаб, вояга етказмоқда.
– Мен туғилиб ўсган Тўрткўл тумани асосан туркман, қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ миллатлари вакилларидан ташкил топган бўлса, бизнинг оиламизда уларнинг барчаси жамланиб, қуда-андачилик ришталари билан боғланган. Улар ўзаро суҳбатда ўз тилларида сўзлашишига қарамасдан, бир-бирини бемалол тушунишади. Болаларимиз эса ана шу тўрт тилда ҳам равон гапиради. Бундай олиб қараганда бизнинг оилада нафақат туман, балки, юртимизда яшовчи миллат вакилларининг оғизбирлиги, тотувлиги тасдиғини топган десак, асло муболаға бўлмайди.
Туман ИИБ шахсий таркиби ҳам турли миллат вакилларидан ташкил топган, ҳамма бир оиладек бўлиб кетган. Биз бир эканмиз, ҳеч қандай хавф-хатар тинчлигимизга рахна сола олмаслигига ишончим комилдир, – дейди Аллаяр Пшиев.
– Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, онамиз турли миллат вакилларидан иборат бўлган оила аҳиллигини, яқин муносабатларни сақлашда бош-қош бўлиб келмоқда. Ишонасизми, ҳозирда оиламиз аъзолари алоҳида уйга эга бўлса ҳам худди «Келинлар қўзғолони» филмидагидек маош ҳисобидан маълум миқдорда умумий бюджет йиғилиб борилади. «Кўпники кўл бўлади» деганларидек ҳозирда биронтамизда кредит олишга ҳожат йўқ. Бирон-бир зарурият пайдо бўлса, умумий маблағдан ажратилади. Бу оила аъзоларининг иқтисодий ҳолати учун жуда фойдалидир.
Яна бир фойдали жиҳати, шунинг ҳисобидан яқинда онамизни Ҳаж сафарига юбордик. Бу орқали барчамиз ота-она олдидаги фарзандлик бурчимизнинг кичик бир қисминигина адо эта олдик деб ўйлайман. Албатта, ҳар бир фарзанд учун вақтида тарбиялаб вояга етказгани эвазига ота-онасининг дуосини олиш, унинг бахтиёрлигини ҳис этишдан ортиқ бахт бўлмаса керак деб ўйлайман, – дейди А.Пшиевнинг турмуш ўртоғи, ўзбек тили ва адабиёти бўйича ўқитувчи Назокат Хидирбоева.
Дарҳақиқат, юрт мустақиллиги ва тинчлигини таъминлаш диёримизда яшовчи барча учун муҳим жиҳатдир. Шундай экан, жорий йил Президентимиз қарорига биноан мустақиллик байрамининг «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деган шиор остида ўтказишнинг белгиланиши инсон қадри ва манфаатлари устун деб белгиланган ижтимоий давлат ва халқпарвар жамият қуриш йўлида амалга оширилаётган ишларнинг яна бир кўриниши ҳисобланади.
Азамат ПИРНИЯЗОВ,
ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.