Соҳибқирон Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳруҳ Мирзонинг тўнғич ўғли – Улуғбек Мирзо 1394-йил 22-март куни Ироқи Ажамнинг Султония шаҳрида дунёга келди.

Улуғбек туғилгач, Шоҳруҳ Мирзонинг фарзанд кўргани ҳақидаги хушхабарни Амир Темурга етказиш учун чопар юборадилар. Шарофуддин Али Яздийнинг ёзишига қараганда, бу хабар Соҳибқироннинг Мордин шаҳрини забт этган пайтига тўғри келган. Амир Темур хушхабардан бағоят хушнуд бўлиб, янги меҳмон пойи қадамини шарафлаб, шаҳар халқига омонлик бериб, хирожидан воз кечган ва шаҳарнинг ҳокимлик мансабини собиқ ҳоким, амир Султон Исонинг укаси амир Султон Солиҳга инъом қилиб, ўзи орқага қайтган.

Янги меҳмонга Муҳаммад Тарағай деб исм берадилар. Бу исм Темурнинг марҳум отасининг исми бўлиб, ҳали Темурий шаҳзодалардан ҳеч бирига берилмаган эди. 

1404-йил август ойида Амир Темур ўзининг машҳур етти йиллик юришидан музаффарона Самарқандга қайтиб келади ва ғалабаси шарафига “Боғи дилкушо”да катта анжуман ўтказади. Анжуман тўйга уланиб, қирқ кун давом этади. 11 ёшли Улуғбек Мирзога марҳум Муҳаммад Султон Мирзонинг қизи – Ўғи Бегини унаштирадилар. 1411-йил октябридан, яъни ҳаётининг ўн еттинчи йилининг ўртасидан Улуғбек Мовароуннаҳрнинг мустақил султони бўлади.

Улуғбек Мирзо Мовароуннаҳр ҳукмдори этиб тайинлангач, кўп вақтини Самарқандда ўтказар, ҳатто отаси Шоҳруҳ Мирзонинг ҳарбий юришларида ҳам камдан-кам қатнашар ва айрим ҳолларда қўшин юбориш билан чекланарди.

Улуғбек аслида улуғ олим ва бунёдкор киши бўлиб, бобоси Амир Темур каби жангчи эмас, балки илм-маърифат шайдоси эди. Бинобарин, у мамлакатда илм-фан равнақига жон-жаҳди билан киришар ва бу йўлда хазинани аямасди. Унинг даврида Самарқанд Шарқнинг энг гуллаган маданият ўчоғига айланган эди.

Улуғбек Мирзо бобоси Амир Темур саройида тарбияланиб, саройга йиғилган олиму фузалолар таъсирида илм-фанга қизиқади. Унинг биринчи устози Салоҳиддин Мусо ибн Маҳмуд Қозизода Румий эди. Улуғбек Мирзо ундан фалакиётга оид сир-синоатларни ўрганади. 

Дунё астрономияси тараққиётини Мирзо Улуғбекнинг хизматларисиз тасаввур этиш қийин. Мовароуннаҳрда қирқ йил ҳукмронлик қилган султоннинг илм-фан учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатиши, мадрасалар барпо этиши, Самарқандда йирик астрономия мактабига асос солишининг ўзи тарих олдидаги катта хизматидир. Улуғбек ташаббуси билан 1424-1428-йиллар мобайнида Самарқанд шимолида Обираҳмат ариғи бўйидаги Кўҳак тепалигида бунёд этилган машҳур расадхона ўз даврида осмон жисмларини ўрганувчи энг йирик иншоот ҳисобланган. Расадхона бош телескопининг диаметри қарийб 48 метр бўлган.

Расадхона орқали кузатишлар асосида 1437-йилда дунёга машҳур “Зижи жадиди Кўрагоний” асари яратилди. 

Айтиш жоизки, Европа ренессансида Улуғбек жадвалларининг муносиб ўрни бор. Улуғбек “Зижи”да юлдузлар жадвали ўта аниқлик билан тузилган. 

1417–1430-йиллар орасида Улуғбек Регистон майдонида улкан мадраса, хонақоҳ, масжид ва ҳаммом қурдиради. Шунингдек, 1417-йилда Бухорода, 1433-йилда Ғиждувонда ҳам мадрасалар барпо эттирган. Мазкур мадрасаларда математика, геометрия, фалакиёт, табиёт, жуғрофия ва тарих каби дунёвий илмлар ҳам ўқитилган. Улуғбек бундан ташқари кўпгина карвонсаройлар, тимлар, чорсулар ва ҳаммомлар ҳам қурдирган. 

Мирзо Улуғбек тарихнавис донишманд эди. “Тарихи арбаъ улус” асари унинг туркий халқлар тарихини қанчалик чуқур билганидан далолат. Ундаги назмий парчалар эса, улуғ аждодимизнинг шеъриятдан етарлича хабардор бўлганини кўрсатади. Алишер Навоий ҳам “Мажолис ун-нафоис” асарида Улуғбекнинг шеърий истеъдодига юқори баҳо берган.

Улуғбек атрофига ўз даврининг энг йирик ва истеъдодли олимлари тўпланган эди. Самарқанд ўша пайтда Шарқнинг энг йирик илм-фан ўчоқларидан бирига айланганди. Дунёнинг кўпгина мамлакатларидан келган ўнлаб олимлар Улуғбекнинг бевосита ҳомийлиги остида фаолият кўрсатган. Улар орасида Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Али Қушчи, Низомиддин ал-Биржандий, Мирам Чалабий каби олимларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Тарихда Мирзо Улуғбек каби юксак истеъдод ва салоҳиятга эга ҳукмдорлар камдан-кам ўтган. Унинг биргина астрономия фани ривожига қўшган ҳиссаси инсоният тамаддунидаги улуғ хизматидир. Навоий таъбири билан айтганда, дунё бор экан, унинг мероси ҳам боқий қолаверади.