Маънавият ва маърифат дарси

Дунё миқёсида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнлар бўйича тадқиқот олиб борувчи Иқтисод ва тинчлик халқаро институтининг терроризмнинг глобал индекси бўйича берган маълумот­ларига кўра, Афғонистон, Ироқ, Сомали, Буркина-Фасо, Сурия, Нигерия, Мали, Нигер ва Покистон давлатларида терроризм хавфи юқори ҳисоб­ланади. Охирги ўн йилликда террорчилик ҳаракатлари оқибатида юзага келган ўлим ҳолати 182 минг нафарни ташкил этганлиги бу иллатнинг шахс, жамият, давлат ва инсоният учун қанчалик хавфли эканлигини кўрсатмоқ­да.

Дунёвий ва диний билимлар­нинг саёзлиги, соф диний тушун­чаларнинг асл мазмунини билмасликлари ёхуд ижтимоий-моддий қийинчиликлар, турмуш даража­сининг пасайиши натижасида айрим ёшларимиз экстремистик оқимлар ҳамда террорчи ташкилот ва гуруҳлар алдовига учмоқда. Уларнинг «ҳижрат», «жиҳод», «шаҳидлик», «халифаликни тиклаш» каби ғояларига кўр-кўрона ишониб, турли тўқнашув ва низо ўчоқлари бўлган Сурия, Ироқ, Афғонистон ва Покистонга бориб қолишмоқда. Бундай шахсларнинг халқаро террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда иштирок этишлари, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган шахсларнинг АҚШ, Швеция, Туркия ва бошқа чет давлатларда террористик ҳаракатлар содир этишлари, терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноят содир этиб жавобгарликка тортилган шахс­ларнинг жазони ўтаб бўлганидан кейин яна қайта жиноятга қўл уриши мазкур иллатга қарши курашиш борасидаги ишларни сустлаштирмаслигимиз кераклигини англатади.

Дунёда содир этилаётган воқеалар таҳлили шуни кўрсатмоқда-ки, бугунги кунда экстремистик ва халқаро террорчилик ташкилотлари диний ақидалар ниқоби остида ёшларни миллий ўзлигини, маданий-маърифий ва оилавий қадриятларини йўқотишга ундаш йўли билан жамиятда зўравонлик ва радикал қарашларни тарқатишни давом эттирмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, террорчилик фақат ислом мамлакатларига хос эмас. У турли динлар тарқал­ган минтақаларнинг барчасида сиёсий курашнинг зўравонлик шакли сифатида кўзга ташланмоқда. Христиан оламида Шимолий Ирландия католиклари ва про­тестантлар орасида, Испанияда басклар (католиклар), Югославияда серб миллатчилари орасида (проваславлар), Ҳиндистонда сикхлар ва тамиллар, Шри-Ланкада тамиллар орасида (индуизмнинг турли оқимлари ва нисбатан мустақил шаклларига эътиқод қилув­чилар), Японияда «Аум синрикиё» оқими тарафдорлари орасида ҳам террорчилик кураш воситаси эканлигини кўрамиз.

Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишида содир этилган жиноятларнинг кўп қисми ёшлар томонидан содир этилаётганлиги, бунга интернет орқали экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолаётганлиги сабаб бўлаётганлиги, жиноий жавобгарликка тортилган ёшлар орасида олий таълим муассасалари талабалари ҳам борлиги энг ачинарли ҳолатлардан биридир. Айрим ҳолатларда ота-оналар ўзи­нинг вояга етмаган фарзандлари­га дунёвий таълим бериш ўрнига уларни бегона шахслар билан чет давлатларига чиқариб юбориш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Чет давлатларда «ҳуж­ра» шароитида диний таълим олаётган бундай вояга етмаганлар дунёвий фанларни ўзлаштирмасдан, фақатгина диний таълим билан чекланмоқда. Бу эса етарли анъанавий диний билим ва кўникмага эга бўлмаган, ота-онаси ёки қону­ний вакиллари ҳамроҳлигисиз қолаётган ёшларнинг турли халқаро террористик ва экстремистик ташкилотлар ёлловчилари ғоялари таъсирига тушиши хавфини юзага келтирмоқда.

Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаб келаётган ўлка ҳисобланади. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тари­хий манбаларда кўп қайд этилган.

Дунёвий демократик ривожланиш йўлини танлаган мамлакатимизда диннинг давлатдан ажратилгани, шу билан бирга, ҳамма учун виждон эркинлигининг тўла кафолатланиши, эътиқод ва диний қарашларнинг мажбуран сингдирилишига йўл қўйилмаслик, миллати, ирқи ва диний келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқароларнинг қонун олдида тенг эканлиги тамойилларига қатъий риоя қилинаётгани жамият барқарорлигининг асосий омилларидан бўлиб келмоқда.

Бугунги глобаллашув жара­ёнида динлар, конфессиялар, миллат ҳамда элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тўғри тушу­нишга эришиш нақадар зарурлигини ва айнан бу омиллар жамиятнинг тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Тинчлик ва барқарорлик эса тараққиёт ва фаровонликнинг асосий гаровидир.

Нафақат терроризм ва экстре­мизмга қарши курашиш борасида, балки барча соҳаларда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимиз натижасида бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда, «Янги Ўзбекистон» ибораси тилга олинмоқда.

Президентимиз бошчилигида халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Бугун бир ҳақиқатни қатъий ишонч билан айтиш мумкин: дунё­да турли хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистонда шаклланган янги тизим ўзини оқламоқда.

Юртбошимизнинг халқаро минбарлардаги нутқлари жамоатчилик, халқаро экспертлар томонидан қизғин кутиб олиниб, бошқа давлат ва ҳукумат раҳбарлари, дипломатлар томонидан юксак баҳоланаётганлиги, бир қатор ғоя ва таклифлари қабул қилиниб, ижрога қаратилаётганлиги юқоридаги сўзларимизнинг яна бир исботидир.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда терро­ризм ва экстремизм кўринишидаги жиноятларга қарши курашиш, ёш авлоднинг бундай иллатлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, фуқаролар томонидан терроризм ва экстремизмнинг хавфли оқибатларини тўлақонли англаб етишлари учун амалга оширилаётган кенг қам­ровли ислоҳотларга шу азиз Ватан фарзанди бўлган ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.

Хушнудбек ЯКУБОВ,

ИИВ Академияси катта ўқитувчиси,

подполковник.