Буюк саркарда бобомиз Амир Темурнинг «Китоб (битик) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илм-у донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир», деган таъкидидан ҳам китоб миллий ўзлик ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилувчи маёқ эканлигини англаш қийин эмас.
Ҳозирги кунда юртимизда китобхонликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳоли ўртасида миллий ва жаҳон мумтоз адабиётининг юксак намуналари тарғиб қилиняпти. Энг фаол китобхонларни рағбатлантиришга қаратилган қатор танловлар ўтказиляпти. Республикамиз бўйлаб китоб ярмаркалари ташкил этиляпти. Буни ички ишлар органлари тизимида ўтказилаётган «Энг фаол китобхон ходим», «Энг илғор китобхон курсант», «Китобхон оила» кўрик-танловлари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Шу ўринда китоб мутолааси танловларида ғолиб чиқиб, мукофотларни қўлга киритиш учун эмас, ҳар биримизнинг руҳий оламимизни бойитувчи маънавий эҳтиёжимизга айланмоғи зарурлигини таъкидлашимиз керак.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мутолаа ҳақида фикр билдириб, шундай деганди:
«... ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни, китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди».
Ҳозирда ҳаётимизга кириб келган компютер, ўзи кичкинагина қутича бўлса-да, қатор имкониятларга эга мобил телефонлар ёрдамида исталган янгилиг-у ахборотни билиб олиш мумкин. Бу одамларда китоб ўқиш учун вақт сарфлаш шартмикин, деган фикрни уйғотгани ҳам рост. Мулоҳаза қилайлик, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофилм босма нашр этилган бадиий асар ўрнини босолмайди. Тан олишимиз керак, китоб ўқишнинг ажиб бир завқи бор. Бу ҳақда академик Акмал Саидов шундай деган эди: «Китоб — қалб чироғи, тафаккур қаноти. Айниқса, босма китобдан таралаётган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўжизавий саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда, китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақида тенгдошлар билан фикрлашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачадир».
Китоб ўқиган инсон дунёқараши кенглиги, мулоҳаза қилиши, билими, юксак тафаккури билан бошқалардан ажралиб туради. Китоб билан ёшлигидан ошно тутинган бола яхши инсон бўлиб улғаяди. Шу ўринда оилада, мактаб ва боғчаларда болаларнинг китобга меҳрини, адабиётга қизиқишини ошириш ота-оналарнинг, ўқитувчиларнинг вазифаси эканлигини ҳам айтиб ўтишимиз лозим.
Буюк алломалар, олим-у фузалолар, шоир-у адиблар ҳаёти ва ижоди билан танишганимизда, уларнинг маърифатли оилаларда ўсиб улғайгани билан бир қаторда айнан илм-маърифатга қизиқиши оилада китобга эътибордан бошлангани, бу уларнинг таълим-у тарбиясида қўл келганига ҳаётий мисоллар кўп. Жумладан, сўз мулкининг султони Алишер Навоий етти ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёддан билган. Аммо у даврларда бугун биздаги имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, изланиб, юксак маънавият соҳибига айланишган.
Қачонки, инсоннинг мустақил фикри, маънавий олами бой бўлса, у жамиятнинг фаол аъзосига айлана олади. Одамни борлиқдаги бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи омиллардан бири ҳам унинг маънавиятидир. Бунда китобдан яхши, беминнат дўст ва маслакдош йўқ эканлигини унутмаслигимиз зарур.
Қалби қалбига муқаддас ришталар билан туташ инсонлармиз. Китоб эса ҳар бир инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир. Бир-биримизга соғинганларимиз яхшилик, эзгулик экан, бунда билимлар чашмаси бўлган китобдан яхшироқ совға йўқ. Фақат китобнинг сарасини танлай билиш керак. Чунки ҳамма ялтирайдиган нарса олмос бўлмаганидек, мазмунан саёз, бадиият жиҳатидан оқсайдиган асарлар ҳам йўқ эмас.
Кимгадир яхши китоб совға қилсангиз, демак, унга беминнат, доно маслаҳатгўй, содиқ дўст ҳадя этибсиз. Зеро, «Китобхонликда таътил бўлмайди», деган иборани ҳаётий шиорига айлантирган инсон маънавий етук, теран фикрлай оладиган, Ватанига содиқ, инсофли, диёнатли ва олижаноб фазилатлар эгаси бўлади.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Постда» мухбири.
