Сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятини ичимлик суви билан боғлиқ вазият хавотирга солиб келмоқда. Экологик беқарорлик, иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш ичимлик суви етишмовчилигига сабаб бўляпти. Бу миллионлаб кишиларнинг ҳаётини хавф остига қўйибгина қолмай, хавфли ижтимоий-иқтисодий оқибатларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Халқаро метереология ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 2050-йилга бориб дунё аҳолисининг 5 миллиарди етарли даражадаги ичимлик сувидан бебаҳра қолиши мумкин. Ҳозирги пайтдаги вазият ҳам ҳавас қиларли даражада эмас. Бугун Ер юзидаги 2 миллиардга яқин киши тоза ичимлик сувига муҳтож, 2 миллиард 300 миллиондан ортиқ одам санитария талабларига жавоб бермайдиган оби ҳаётдан истеъмол қилишга мажбур.
БМТ ҳисоботларига мувофиқ, сифатли ичимлик суви билан етарли таъминланмаганлик ва оқова сувлари тармоқларининг ишламаслиги оқибатида ҳар йили дунёда 780 минг киши дезинтерия ва холера (вабо)дан вафот этади. Бу сиёсий низолар, эпидемиялар ва зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сонидан ҳам кўп. Шунингдек, ҳар йили дунёда тоза ичимлик суви етишмаслиги оқибатида беш ёшдан кичик бўлган 361 минг бола диарея оқибатида дунёдан бевақт кўз юмади...
Биз шунчаки кўз югуртириб ўқиб кетаётган бу рақамлар ортида қанчадан-қанча кўзёшлар, фарёдлар, давосиз алам ва изтироблар ётибди. Бу рақамлар ҳар биримиз табиатнинг бебаҳо неъмати бўлган оби ҳаётдан тежамкорона, оқилона фойдаланишга ундайди.
Биздаги асосий муаммолардан бири сувни қай тарзда ишлатишимиз билан боғлиқ. Негаки, бугун дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна бўлган бир пайтда, биз сувни жўмраклардан оқизиб қўйяпмиз. Ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, сувни ҳовлиларимизга, кўчаларимизга истаганимизча сепамиз. Сувни белгиланган меъёридан кўп ишлатилиши оддий ҳолга айланган.
Мутахассисларнинг фикрича, артизиан қудуғидан
20 дақиқа оққан сув сарфи эвазига, томчилатиб суғориш йўли билан 8,4 тонна буғдой ёки
15 тонна картошка етиштириш мумкин экан. Шундай экан, ичимлик сувини бугундан қадрлаб, бу борада самарали чора-тадбирлар белгилаб олишимиз лозим. Яъни, эртанги фаровонлик ерости сувларидан унумли фойдаланишга боғлиқ эканини асло ёддан чиқармаслигимиз керак.
– Сувни тежаш энг оғриқли муаммоларимиздан бири, – дейди пойтахтимизнинг Чилонзор туманида яшовчи 75 ёшли отахон Тоҳир Усмонов. – Олдинлари биз машинамизни ўзимиз бир ёки икки челак сув билан ювардик. Шу баҳона бадантарбия қилиб, танимиз ҳам тетиклашарди, руҳан енгил тортардик. Бугун 20 ёшнинг нари-берисида бўлган ёшлар ҳам икки қўлини чўнтагига солиб машина ювиш шохобчасида уловини ювдираётгани оддий ҳолга айланди. Мен бу ҳолни тўлиқ қоралашдан йироқман. Албатта, кимдир шошилинчда, яна бири бошқа сабабга кўра машинасини ювдирар. Аммо бу ҳолат оммавий тус олаётгани хатарли.
Маълумотларга таянадиган бўлсак, автомашина 15 дақиқа давомида резина шланг билан ювилганида тахминан 120 литрдан кўпроқ чучук сув сарфланади. Худди шу ишни челак ёрдамида амалга оширганда эса
80 литргача сувни тежаб қолиш мумкин. Дейлик, кирларни ювиш учун бир ҳафтада 1000 литрдан кўпроқ сув сарфланади. Юз-қўл ва идишларни ювишда жўмракнинг доимий очиқ туриш ҳолатида ҳам ҳафтасига яна шунча сув сарф бўлади.
«Ўзсувтаъминот» АЖ маълумотларига кўра, марказлашган ичимлик суви билан таъминланган аҳоли пунктларида, саноат корхоналари ва бошқа истеъмолчиларни чиқариб ташлаганда, республика бўйича кунлик бир кишига истеъмол ўртача 99,2 литрга тўғри келади. Шунингдек, республиканинг олис ҳудудларида жойлашган ва марказлашган сув таъминотига эга бўлмаган аҳоли пунктларига ичимлик суви ҳудудий сув таъминоти ташкилотларига тегишли 220 та, бошқа юридик ва жисмоний шахсларга тегишли
1701 та махсус техника воситалари ёрдамида етказиб берилади.
Муқаддас динимиз таълимотида ҳам сувни исроф қилмаслик борасида сўз юритилади. Зеро, исрофгарчиликдан қайтариш шарқона тарбиямизнинг ҳам асосини ташкил этади.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, сувдан фойдаланиш маданиятини, аввало, оилада, қолаверса, боғча, мактаб, олий таълим даргоҳларида ўргатиш керак. Зарур бўлса, бу бўйича ўқув қўлланмалари, дарсликлар, видеороликларни янада кўпайтириш лозим. Энг асосийси, бу хайрли ишга бугунданоқ қўл урмоқ зарур. Акс ҳолда, эртага кеч бўлади.
Шерзод АБДУСАМАДОВ,
ўз мухбиримиз.
