У қизини мактабга олиб бориш учун одатдаги вақтда уйидан чиқди. Нимагадир машина ўт олмади. Балки ёқилғиси тугагандир. Ҳособ-китоби бўйича камида 15 литр бензин бўлиши керак эди. Бензин кўрсаткичи ҳам буни тасдиқлайди... 

Бир неча марта бўлган уринишлари беҳуда кетгач, таксида кетишга қарор қилди. Масофа роппа-роса 10 километр. Такси ҳар доим 20000 сўмга олиб боради.

Ниҳоят учинчи бўлиб тўхтаган "Матиз" ҳайдовчиси у айтган манзилга бошини қимирлатиб, розилик ишорасини берди. Унинг шошилиб тургани ва машина эшигини очишга тараддудланганини кўрган 50 ёшлардаги ҳайдовчи сўради: 

- Қанча берасиз, ака? 

Шу топда у нарх талашадиган ҳолатда эмас эди. Шундай бўлса-да, нархни айтишни ҳайдовчи ихтиёрида қолдирди. 

- 30000 сўм. 

- Майли, ака, фақат сал кечикяпмиз... 

Ҳайтовур ҳайдовчи масъулиятли экан. Йўлда одам олмай, ўз вақтида манзилга етказиб қўйди. 

- Мен бу вақтда келолмасдим, камида 3 минут кейин келардим. 

Ҳайдовчининг бундан бироз хурсанд бўлгани юз ифодасидан билиниб турарди. 

У автобусда қайтиб келиб ёқилғи қуйиш шохобчаси томон йўл олди. Бир-иккита савдо шохобчаларидан бўш баклажка сўради. Ниҳоят бир сотувчи опа баклажкалар фақат чиқиндихонада бўлишини айтди.

Опанинг гапи тўғри экан. 

Битта 5 литрлик баклажка сўради, у ерда ҳар хил баклажкалар уюлиб ётарди.

- Ўтиб, олинг. 

- Қанча бўлади? 

- Иккита олинг, 5000.

- Битта етади, розимисиз? У шундай деб 2000 сўм узатди. Рози бўлди. 

Ёқилғи қуйиш шохобчасига кириб бораётганда, узоқдан биринчи қаторда мижозларга хизмат кўрсатаётган 60 ёшлардаги киши уни чақирди. 

У баклажка қопқоғини очиб машинаси юрмай қолганини айтиб, бензин қуйиб беришни сўради. АЁҚШ ходими унга бунинг учун биринчи навбатда баклажкага бензин қуйиш мумкин ёки мумкинмаслигини сўраши, шундан сўнг астойдил илтимос қилиши кераклигини оталарча меҳрибонлик қилиб, ётиғи билан тушунтирди. Сўнгра шогирдига идишни узатди. 

У муомалада хато қилганини англади. Тўғри-да, дабдурустдан идишга бензин қуйиш мумкинмаслигини кўра-била туриб шундай қиладими одам деган... 

Баклажка тўлгач, хизмат ҳақига қанча беришни бир зум ўйлаб, қайтим беришда ўзи олиб қолар дея, 100000 сўм берди. 

- Мана қайтими.

У 50000 сўмни олар экан, бензин (80) нархини сўради. 

- 42000 бўлди, қолганига розимисиз? 

- Ҳеч бўлмаса, 5000 олиб қолинг. 

Шу пайт шогирди унга аслида идишга бензин қуйиш мумкинмаслигини, лекин одамгаргарчилик ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар борлигини уқтириб кетди. 

Нима бўлганда ҳам иши битгани учун, шунисига ҳам раҳмат айтиб кетишга чоғланаркан, устозининг шогирдига "норози бўлса ҳамма пулини қайтариб бер" дегани қулоғига чалинди. Гарчи шогирд бу буйруқни бажаришни хаёлига ҳам келтирмаган бўлса-да, у рози эканини айтиб, миннатдорлик билан хайрлашди... Ёқилғи қуйгач, машина ўт олди.

У юқоридаги воқеаларни ўзича таҳлил қилган бўлди. Эътиборсизлик қилгани шунча ташвиш ва муаммога сабаб бўлганини, ҳамма айб ўзида эканини яхшиямки тушуниб турарди. Йўқса, мушкул вазиятга тушиб қолганда, шундан ҳам ёрдам бериш ўрнига фойда олишни кўзловчилар борлигини ўйлаб, одамларни оқибацизликда айблашига бир баҳя қолганди...

Шерзод Абдусамадов.