Президентимизнинг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, ИИВ ЖХД Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати томонидан Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ҳамда республика «Истиқболли авлод» нодавлат-нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда «Хотин-қизлар орасида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган энг яхши ижтимоий видеороликлар» танлови ўтказилди.

ИИВ Маданият саройида 25-ноябр – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати билан ташкил этилган ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Танловга интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқлар орқали 100 га яқин ижтимоий видеоролик келиб тушди. Мазкур видеороликлар ишчи гуруҳ томонидан холисона ўрганиб чиқилди ва баҳоланди.

Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида биринчи ўринни қўлга киритган Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникасиялар университетининг 1-босқич талабаси – Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникасиялар агентлиги оператор-монтажчиси Мурод Файзиевга 1-даражали диплом, 10 млн сўм пул ва қимматбаҳо совға топширилди. Шунингдек, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган Наманган давлат университети талабаси Севинч Собиржонова ҳамда Тошкент давлат юридик университети талабаси Камола Алиева ҳам диплом, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Бундан ташқари, «Энг яхши оператор», «Энг яхши видеомонтажчи» ва «Энг яхши инфографист» номинасиялари бўйича ғолиблар аниқланиб, қимматбаҳо совғаларга эга бўлди.

– Аввало, лойиҳа ташкилотчиларидан миннатдорман, – дейди танлов ғолиби Мурод Файзиев. – Бу танлов мен каби кўплаб тенгдошларимнинг бўш вақтини эзгу ишларга йўналтиргани билан аҳамиятлидир. Ижодий ишларимиз орқали кимгадир фойдамиз теккан бўлса, бу – энг катта ютуғимиз. Ўйлайманки, бу каби тадбирлар яна давом этади.

Тантанали тадбирда ИИВ ЖХД Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи, полковник Бахтиёр Бердиалиэв ва бошқа сўзга чиққанлар бундай тадбирларнинг хотин-қизларимизнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда тутган ўрни ҳақида гапириб, унда, айниқса, ёшларнинг фаол иштирок этганини мамнуният билан таъкидлади.

Тадбирда Бош прокуратура, Ички ишлар ҳамда Адлия вазирликлари, «Истиқболли авлод» ташкилоти масъул ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

«Постда» мухбири.

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.