Тоҳир Маликнинг «Фалак» қиссасида инсоният учун абадий ўзгармайдиган, бизни мудом мушоҳадага ундайдиган масалалар, қилмишу топмишларимизнинг сабаблари қаламга олинган. Жумладан, ҳалоллик ва нафс ўртасидаги кураш, ҳавас ва ҳасад, муҳаббат, дўстлик ва хиёнат, оилавий қадриятлар... 

Асар биринчи навбатда дунё тан олган астроном ва математик Мирзо Улуғбек ҳукмронлик қилган Мовароуннаҳр билан боғлиқ тасаввурларимизни бойитишга хизмат қилади. Воқеалар қиссанинг бош қаҳрамони, кимё ва тиббиёт соҳаларидаги илми билан эътироф қозонган андижонлик Шамсибек теварагида кечади. Бинобарин, у ўқимоқ истагида ўша замоннинг маърифат маркази бўлган Самарқандга келади ва Мирзо Улуғбекнинг эътиборига тушади. Шамсибекнинг ҳамқишлоғи Абдулваҳоб эса тубанликка юз тутади. Чунончи, отаси билим олиши учун яратган имкониятлардан фойдаланмасдан, толиблик йўлидан чекиниб, қаландарлик кулоҳини кияди. 

Унинг фожеаси дунёвийликни, Улуғбек туфайли мамлакатда юз бераётган ўзгаришу тараққиётни қабул қилолмаслигида эди. Мутаассиблиги шу даражага етадики, ҳукмдор ва унинг атрофида жамланган фан аҳлидан нафратлана бошлайди. Айни шу ғараз ва ҳасад Шамсибекнинг жонига зомин бўлади. Назаримизда, муаллиф ушбу кўнгилсизликни тасвирлаш асносида Мирзо Улуғбек қазосининг асл сабабларига ишора қилмоқда.

Асардаги Ғанимурод полвон ва унинг севиклиси тақдири ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Жумладан, қарз эвазига бойваччага мажбуран учинчи хотинликка берилган қизни Ғанимурод олиб қочади. Воқеалар полвоннинг белини синдириш, андак муддатдан сўнг унинг ўлдирилиши, қизнинг эса ақлдан озиши ва ўзини чўктириши билан ривожланади. 

Китобни ўқир экансиз, нафси йўлида ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайдиган мулкдорнинг қилмишлари, унинг таъсиридан чиқа олмайдиган қозининг шариат қонунларини бузишдан чўчимаслиги, қишлоқ аҳлининг қўрқув сабаб адолацизликларга кўниб яшаши қалбингизда нафрат ва ачиниш ҳисларини уйғотади. 

Қиссада бугунги кун ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Шамсибек авлоди бўлмиш Нозиманинг кечмишлари орқали қадриятларни унутиш ҳамда моддийликка асосланган ҳаёт оқибатлари мохирона акс эттирилган. 

Хуллас, «Фалак» мушоҳадага чорлайдиган, ортга ўгирилишга, қилмишу қидирмишларимизни ҳақ тарозисига солмоққа ундайдиган қисса.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.