Маънавият ва маърифат дарси

 

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан изчил бораётган мамлакатимизда фуқароларнинг давлат бошқарувини амалга оширишдаги иштирокини ва маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал қилишларини таъминловчи ташкилий-ҳуқуқий кафолатлар тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш фуқаролик жамиятини барпо этишнинг нафақат шарти, балки муҳим воситасидир.

Асосий қонунимизнинг 32-моддасида фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилишига оид норма ўз ифодасини топди. Бош қомусимизнинг 105-моддасида эса фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.

Ўзини ўзи бошқаришнинг халқимиз анъаналари ва қадриятларига жуда хос бўлган усули – маҳаллалар тизими сўнгги йилларда жуда катта нуфузга эга бўлиб бормоқда. Маҳалланинг ҳар қандай масалани ечишга қурби етади. Нега деганда, энг адолатли муҳит, энг адолатли ижтимоий шароит, вазият фақат маҳаллада бўлиши мумкин.

Маълумки, ислоҳотларимизнинг муҳим тамойилларидан бири – аҳолининг кам таъминланган табақаси, яъни, қариялар, ногиронлар, болаларни муҳофаза остига олиш, уларни пухта ҳимоялашдир. Ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, иш билан таъминланишига ҳар томонлама ёрдам бериш давлатимизнинг муқаддас бурчидир. Бундай керакли ва савобли мақсадларни амалга оширишда аҳолининг ўзини ўзи бошқариш тизимига, бугунги ҳаётимизда катта аҳамиятга эга бўлган маҳаллаларга суяниб иш кўрилмоқда.

Аҳоли осойишталигини таъминлаш ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган тизим жорий қилиш ишлари янада жадаллаштирилди. Бугунги кунда ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилмоқда. Жумладан, ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчилик сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммолар бевосита жойларнинг ўзида ҳал этиляпти.

Жиноятчилик аҳволидан келиб чиқиб, туман, шаҳар ва маҳаллалар тоифаларга ажратилиб, ҳокимликлар, секторлар ва жамоатчилик билан ҳамкорликда «жиноят ўчоқлари»ни бартараф этиш учун барча зарур куч ва воситалар жалб қилинмоқда. «Республика — вилоят — туман — маҳалла» тизими асосида яхлит бошқарув ва узлуксиз назорат қилиш механизмлари жорий этилган.

Босқичма-босқич ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилмоқда. Профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш, профилактика инспекторлари ва сектор раҳбарлари фаолиятига баҳо бериш имконини берувчи «Смарт маҳалла» ахборот дастури ишга туширилгани эса нур устига аъло нур бўлди.

 

«Смарт маҳалла» электрон дастурининг афзалликлари шундаки, аҳоли мавжуд муаммолари бўйича уйидан туриб, тун-у кун тўғридан-тўғри яшаш жойи бўйича сектор раҳбарларига мурожаат этиши, муаммоларини бартараф этган сектор раҳбарининг фаолиятига холисона баҳо бериш имкониятини яратади.

 

Маълумки, асрлар мобайнида маҳаллаларда кўпдан-кўп ҳаётий муаммолар ўз ечимини топиб келади. Тўй-маъракалар ҳам, ҳайит-у ҳашарлар ҳам маҳалла аҳлисиз ўтмайди. Маҳаллаларда сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалаларга доир жамоатчилик фикри шаклланади. Бу эса халқимизнинг турмуш тарзи, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган тафаккур тарзидир. Бинобарин, ҳаётнинг ўзи маҳаллаларни ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлашни тақозо этмоқда.

Шу маънода, «2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»нинг биринчи мақсади этиб, маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш белгиланди.

Мамлакатимизда кўп қиррали ислоҳотлар амалга ошаётган бир пайтда маҳалла жамият учун ишончли таянч ва таъсирчан куч бўлиб хизмат қилиши лозим. Биз фуқаролик жамиятини қуришга интилмоқдамиз. Бунинг маъноси шуки, давлатчилигимиз ривожлана борган сари бошқарувнинг турли хил вазифаларини бевосита халққа топшириш, яъни ўзини ўзи бошқариш органларини янада ривожлантириш демакдир.

Маҳалла одамлар ўртасидаги муносабатларда яхши қўшничиликни, ҳурмат ва инсонпарварликни тарбиялашда муҳим рол ўйнайди. У фуқароларнинг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилади, аҳолининг муҳтож қатламларига аниқ ёрдам кўрсатади. Нодавлат ва жамоат ташкилотларининг ривожланган тизими жамиятда манфаатлар уйғунлигини қарор топтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Бу тизим давлат тузилмалари фаолиятини муайян маънода тўлдириши, уларга нисбатан маълум бир мувозанатни таъминловчи восита вазифасини бажариши керак. Одамларнинг сиёсий онги, сиёсий маданияти, сиёсий фаоллиги юксалиб боргани сари, давлат вазифаларини нодавлат тузилмалар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтказиб бориш зарур. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун ўзини ўзи бошқариш органлари, биринчи галда, маҳаллаларнинг ролини янада ошириш зарур. Маҳалла ҳуқуқ тартибот органларининг аҳоли яшаш жойларида содир этилаётган жиноятлар ва бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни келтириб чиқараётган сабаб ва ҳолатларни аниқлаш, уларни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.

 

Темир ҚУРБОН.