Айни кунларда Жиззах вилоятида “Фаровон келажак сари” ИИИ республика форуми бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир мамлакатимиз раҳбарининг 2022-йил 7-мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Ички ишлар вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан уюштирилди. 

Республикамизнинг барча ҳудудидаги аёлларни реаблитасия қилиш ва мослаштириш ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, Жиззах вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар бўйича масъуллари ҳамда ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар иштирок этган форумда асосий эътибор хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, қонунбузарликларнинг омилларини аниқлаш ва бартараф этишга қаратилди. 

Айни мақсадда гендер зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва мавжуд муаммоларга самарали барҳам бериш кўникмаларини шакллантириш учун аёлларни реаблитасия қилиш ва мослаштириш ҳудудий бўлимлари ходимлари иштирокида семинар-тренинглар уюштирилди. Жараёнда тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга ҳуқуқий, психологик, тиббий, ижтимоий кўмак кўрсатиш, аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка йўналтириш ҳамда бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича сабоқ берилди. 

Бундан ташқари, форумга таклиф этилган хотин-қизлар “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” аксияси доирасида Зомин тумани марказидаги Қайирма маҳалласидан то Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасига қарашли “Зомин” соғломлаштириш оромгоҳигача бўлган масофани босиб ўтдилар. Шундан сўнг оромгоҳ ҳудудида улар шахмат-шашка, стол тенниси, волейбол, футбол, арқон тортиш бўйича куч синашдилар. Якунда ғолиблар тақдирланди. Сумалак сайли ҳам бўлиб ўтди. Оромгоҳ ҳудудига “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси доирасида манзарали дарахт кўчатлари экилди. 

Худди шундай, ҳунармандлар томонидан тайёрланган буюмлар ҳамда таълим муассасалари, жумладан Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасига бириктирилган вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиларининг тасвирий ва халқ амалий санъатига оид кўргазмалари намойиш қилинди. Мактаб-интернат бадиий жамоаси томонидан тайёрланган консерт йиғилганларга манзур бўлди. Тадбирларда республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаэв қатнашди. Форум ўз ишини давом эттирмоқда.

 Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.