Ёлғон гапирманг. Фарзандингизни асло алдаманг, ёлғон ваъдалар берманг, қарор ва фикрларингизни ўзгартирманг. Агар боланинг бирон илтимосини бажаришни унутган бўлсангиз, шунчаки ундан узр сўранг. Ҳар бир кичик ёлғон – боланинг олдида обрў-эътиборингизни тобора туширишга хизмат қилади.

Асабийлашманг. Болалар бизнинг табиатимиз ва кайфиятимизни жуда яхши ҳис этиб, ўзларига тез қабул қилишади. Одатда, вазмин кишиларнинг ўғил-қизлари ҳам оғир-босиқ бўлиб вояга етади. Иккинчидан, бола тарбияси анчайин сабр-тоқатни талаб этади. 

Фарзандингизни урманг. Болага қўл кўтариб (ҳатто бу кичик шаппати бўлса ҳам), унга барча масалаларни куч орқали ҳал қилиш мумкинлигини ўргатган ҳисобланасиз. 

Ёмон ўрнак кўрсатманг. Ичиш ва чекишни одат қилган, носоғлом турмуш тарзини олиб бораётган ота-оналар ўсиб келаётган авлоднинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, ўзи сигаретани тутатиб, фарзандига чекишнинг зарари ҳақида гапирган одамнинг сўзлари ҳеч қандай таъсирга эга бўлмайди. 

Эркалатиб юборишдан қўрқманг. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини бағрига босиши, кўтариб, эркалаши, унга совғалар туҳфа этиши керак. Бу, бир тарафдан, бола тарбиясидаги ўзига хос ва керакли жиҳат. Асосийси, ҳар нарсанинг меъёри бўлишини унутмаслик ва юқоридаги қоидаларга амал қилишдир. 

Унутманг, ҳар бир фарзанднинг болалик даври ягона ва у ортга қайтмайди. Уларнинг бағрингизда ўтказган ҳар бир они бахтиёр ва самарали кечиши эса фақатгина сизга боғлиқ.

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.