27-июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида 1993-йилдан буён ҳар йили Ўзбекистонда кенг нишонланади. Бундан кўзланган асосий мақсад давлат суверенитети ғояларини тарғиб этиш, янги демократик жамият қуриш, аҳолини Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг хизматларини эътироф этишдан иборат.

Мамлакатимизнинг янгиланган Конститусиясида оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича муҳим қоида ва тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилгани, соҳага доир ҳуқуқий асослар такомиллаштириб борилаётгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари нафақат «тўртинчи ҳокимият», балки мудофаа ва хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда. Бу эса мазкур йўналишда ростгўй ва пок қалбли, ҳалол, Ватанини чин дилдан севадиган ва касбига содиқ, фидойи инсонларнинг тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда.

Оммавий ахборот воситалари ходимларининг иши ниҳоятда мураккаб ва масъулиятли, чунки уларнинг қўлида ер юзидаги энг кучли қуроллардан бири бўлган сўз туради. Қадимги Рим давлат арбоби, файласуф олим Сицерон таъкидлаганидек, энг яхши нотиқ – тингловчиларга ўз сўзи билан таълим берадиган ва завқ бағишлайдиган, уларда кучли таассурот қолдирадиган кишидир. Бу ҳақиқат минг йиллар давомида ўз тасдиғини топди ва бугунги кунда нотиқлик энг қадимий ва шарафли касб – журналистиканинг ажралмас қисмига айланди ва усиз бугун замонавийликни тасаввур қилиб бўлмайди. 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 2140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 тага кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда, уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситаларидир. Анъанавий нашрлар билан бирга, интернет нашрлар ҳам жадал ривожланиб, уларнинг сони 745 тага етди.  

Шиддат билан ўтаётган замонда ҳаётни ахборот, янгиликлар, матбуот, радио ва телевидениэдаги воқеаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳозирги глобаллашув даврида эса Ўзбекистонда журналистика, муболағасиз, янги даврга қадам қўйди, бу эса ахборот тараққиёти ва илғор технологиялар, интернет ва фикр эркинлигини жорий этишга туртки бўлди.

Журналистларга берилаётган имконият ва имтиёзлар кенгайиб, уларнинг олдига қўйилаётган талаб ва вазифаларнинг салмоғи ва қамрови ҳам шунга яраша ортиб боряпти. Уларни рағбатлантирадиган асосий куч эса, давлат раҳбарининг эътиборидир.  

Президентимизнинг соҳа ходимларига нисбатан ҳурмати ва ишончини «Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз керак: барчамиз демократия деб аталган буюк мактабнинг ўқувчиларимиз. Бу борада ҳали кўп нарсаларни ўрганишимиз зарур. Фарзандларимизни айни шу руҳда тарбиялашда журналистика соҳаси вакиллари, муҳтарам фахрийларимиз ўзларининг бой тажрибаси ва ибратли фазилатлари билан алоҳида намуна кўрсатадилар, деб ишонаман», дея таъкидлаган сўзларидан ҳам англаш қийин эмас.

Айни пайтда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсирини янада кучайтириш, ҳуқуқий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, журналист касбининг нуфузини ошириш, соҳа ходимлари меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

ХХИ аср – ахборот асри! Бир сўз билан айтганда, айни кунда Оавнинг аҳолига тезкор ахборот етказиш, уларнинг тафаккур доираси, дунёқараши ва маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти ниҳоятда катта эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда олиб борилаётган одилона ва халқпарвар сиёсатни тарғиб этадиган қалам аҳлининг Ўзбекистон тараққиётидаги улуши салмоқли ва шарафлидир, хизматлари эса самимий эҳтиромга лойиқ.

Ғайратулла Шукуров,

ўз мухбиримиз.