Янгидан-янги ташаббус, ғояларни илгари суриш, замонавий иш юритиш услубларини жорий қилишда айнан шу қатламнинг нуқтайи назари, саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамият касб этади. Ҳозирда мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпроғини ёшлар ташкил этади. Айни даврда маънавий-маърифий ишларни жадаллаштириш, таълим-тарбия соҳасини ислоҳ этиш, ёшларимизни замонавий билимларни пухта эгаллаган юксак ақл-заковат соҳиби этиб вояга етказиш давлатимизнинг устувор вазифаларидан биридир. Бироқ халқимизнинг ўзига хос ва мос миллий қадриятларга асосланган тарбия борасидаги азалий анъаналарига, айниқса, ёшлар тарбиясига «оммавий маданият», менталитетимизга ёт ғоя ва қарашлар соя солаётгани ҳам ҳеч биримизга сир эмас. Ушбу жараёнда тарбия масаласига ўз вақтида жиддий эътибор қаратиш, бу борада маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир» деган пурмаъно сўзларини асло унутмаслигимиз лозим. 

Хўш, бугун эртанги кунимиз эгаларининг одоб-ахлоқи, билим ва салоҳияти, маънавияти, бир сўз билан айтганда, тарбиясидан кўнглимиз тўляптими? 

Тан олиш керакки, бугунги глобаллашув жараёни менталитетимизга ёт ғоялар, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги ранг-баранг кўнгилочар шоу-томошалар, ўйинлар, бир сўз билан айтганда, турли «маҳсулот»лар юртимизга оммавий тарзда кириб келаётгани бор гап. Бунда яна бир очиқ ва аччиқ ҳақиқат шуки, ҳозирда аксарият ёшларимизнинг бўш қолди дегунча, дарров қўл телефони билан машғул бўлиши одатий ҳолга айланиб қолди. Қандайдир ўйин ўйнайди, қўшиқ эшитади, филм томоша қилади, ижтимоий тармоқлардаги турли-туман маълумотлар билан танишади. Тўғри, бунинг ёмон томони йўқ. 

Тан олишимиз керак, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, айниқса, интернет тараққиёт даражамизни бир неча поғонага кўтарди, узоғимизни яқин, ишимизни енгил қилди. Лекин ёшларимизнинг уяли телефонга асир бўлиб бораётгани, интернет ва ижтимоий тармоқлардан, улардаги маълумотлардан оқилона фойдаланишлари борасида жиддий ўйлаб кўришимиз керак бўлган жиҳатлар талайгина. Бу, энг аввало, уларнинг саломатлигига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, охирги вақтларда интернет тармоқларида алдов ва ғаразли мақсадлар йўлида тарқатилаётган турли ахборот ва маълумотлар домига ёшлар осонгина кириб кетмоқда. Натижада оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата олмай, кимларнингдир қурбонига айланаётир. 

Ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, уларда юриш-туриш одоби, мулоқот ва кийиниш маданиятида меъёрни сақлай билиш кўникмасини ҳосил қилиш учун миллийлик билан замонавийлик уйғунлигини таъминлашимиз шарт. Бу борада ижобий натижага эришиш учун нафақат педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ёшлар билан ишловчи ташкилотлар, балки кенг жамоатчилик ҳамкорликда иш олиб бориши, хусусан, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Айниқса, маҳаллаларда, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ота-онанинг фарзанд тарбиясига, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга бўлган эътибори ва масъулиятини ошириш, ўсиб келаётган авлод онг-у шуурида ҳеч қандай ғоявий бўшлиққа жой қолдирмасликка алоҳида эътибор қаратиш керак. 

Шу ўринда бугун халқаро миқёсда илм-фан, ахборот-технологиялари, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўзининг ноёб иқтидор ва салоҳиятини намоён этиб, юқори натижаларни қўлга киритаётган ёшларимизни миллат фахри, ибрат намунаси сифатида тенгдошларига ўрнак қилиб кўрсатиш, уларга ҳавас билан боққан минглаб кўзларда иштиёқ уйғотиш ҳам бир муҳим омилдир. Айни глобаллашув даврида ёшларнинг маънавияти уларнинг олдига қўйган ва қўяётган мақсадлари сари пухта йўналтирилганига боғлиқ. Бунда идрок кўникмаларини ҳосил қилиш, инсон туғилганидан то шахс сифатида шакллангунича давом этишини инобатга олсак, мафкуравий иммунитет ниҳоятда муҳим жиҳат. 

Зотан, кўп китоб ўқиган, ўз тарихини билган, миллати қадриятларини қадрлаган ёшларнинг ахборот оқимлари таъсирига тушиб қолиш эҳтимоли кам бўлади. Зотан, Янги Ўзбекистонда нафақат таълим тизими, балки барча соҳаларда зукко, етук ва замон билан ҳамнафас ёш авлодни тарбиялашдек эзгу анъана замирида айнан шу муддао мужассам. 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА.