Миллат қайғуси
Миллатнинг маънавий бойлиги бўлган тил нафақат муомала воситаси, балки унинг маданияти, урф-одати, турмуш тарзи, тарихидир. Бошқа миллатларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишга, мулоқотларга имконият яратади. Она тилнинг сақланиб қолиши учун қайғуриш миллат келажаги учун қайғуриш, демакдир.
Афсуски, бугунги кунда она тилимизнинг қадрини тушираётган, уни бузиб, шева ва лаҳжаларни ўринсиз қўллаётганлар ҳам йўқ эмас. Бозорлардаги, кўчалардаги, дўкон пештахталаридаги, реклама афишаларидаги ёзувларда йўл қўйилган қўпол хатолар, ҳатто айрим хусусий ОАВ ва нашриётларда тилимизни бузиб, саводсизларча ёзилаётган ибораларни кўриб, миллат шаънини, тилимиз истиқболини ўйлаб, кўнглингиз ранжийди.
Азиз миллатдош, она тилимиз обрўси шу йўсинда тушиб кетаверса, уни қай аҳволда келажагимиз эгалари қўлига топширамиз? Айтинг-чи, чет тиллардан кириб келаётган сўзларни шундайлигича қабул қилишимиз керакми ёки қўлни қўлга бериб миллатнинг иқболи учун курашмоғимиз афзалми?
Тилни сақлаб қолиш миллатнинг маданияти, урф-одатлари, расм-русумларини сақлаб қолишни англатади. Чунки миллат тақдири унинг тили тақдири билан бевосита боғлиқ. Шундай экан, жонажон тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада юксалтириш, уни тараққий этган тиллар сафига қўшиш ҳақида ҳар биримиз қайғуришимиз керак. Бунинг учун, аввало, тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз лозим.
Яқинда хорижий атамаларнинг ўзбекча муқобиллари жамоатчиликка таклиф этилаётганлиги ҳақида хабарни ўқиб, тўғриси хурсанд бўлдим. Атамалар комиссиясининг ишчи кенгаши, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти олимлари томонидан бир қанча муқобиллар кўриб чиқилган. Бу якуний вариант эмас, ишчи орган тақдим этилаётган атамаларнинг миллий муқобиллари бўйича бошқа фикр ва мулоҳазаларни ҳам эшитишга тайёр.
Айтиш жоиз, кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларига монанд номлар қўйилмоқда. Улар «Давлат тили ҳақида»ги қонун талабларига тўла жавоб беради. Аммо «Эвос», «Чиcкен», «Мисс Санам», «Элегант», «Элдорадо» сингари номлар устида жиддий ўйлаб кўриш вақти келди. Ахир ҳар қандай ном қўйишда андазалар, талаблар инобатга олиниши керак-ку?! Зеро, ном қўйишда миллийлик, қисқалик, аниқлик, тушунарлилик тамойилларига риоя қилиш зарур. Аксинча, хорижга тақлид, кўр-кўроналик нусха олиш жуда аянчлидир.
Яқинда кўп қаватли уйлардан бирининг биринчи қаватидаги пешлавҳани кўриб ёқамни ушладим. Унда рус тилидаги «Берегите вашу мать, природу!», чақириғи ўз тилимизга «Табиатни асра, онангни!» деб ўгирилганига нима дейсиз?! Экологияни асрашга даъватми бу ёки сўкинишми...
Ўзбек тили дунёдаги энг бой ва чуқур тарихий илдизларга эга бўлган буюк тиллардан биридир. Шундай экан, тилимизнинг софлиги, табиийлиги учун курашиш, унинг булоқдек мусаффолигини, ўзига хос тароватини сақлаб қолиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Наргиза ФАЙЗИЕВА,
ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси.