Вилоят ИИБ Тиббиёт бўлимида “Йилнинг энг яхши ҳамшираси” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танловда тиббиёт бўлимининг уч йиллик амалий иш стажига эга бўлган малакали ҳамширалари фаол иштирок этишди.
Танлов иштирокчилар “Миллий урф-одатларимиз ва ўзбекона ахлоқ қоидаларига мос ҳолда таништирув”, “Соҳавий ва маънавий-маърифий билимлар саводхонлиги”, “Амалий кўникмалар синови”, “Эркин мавзу” шартлари бўйича ўзаро беллашишди. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг шартларни бажаришдаги билим ва маҳоратини синчковлик билан кузатиб, холисона баҳолаб боришди.
Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра, Тиббиёт бўлими госпитали навбатчи ҳамшираси Ҳайитжон Мадаминова ҳудудий босқич ғолибаси деб топилди ва республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ҳамширалар Саида Юсупова ҳамда Дилфуза Қараевалар иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.
Танлов ғолиби ва совриндорлари диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
